"CPHI Milan-2026": халқаро фармацевтика компаниялари билан музокаралар давом этмоқда
Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтаётган "CPHI Milan-2026" халқаро фармацевтика кўргазмаси доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов қатор халқаро фармацевтика компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Ҳиндистоннинг "MSN Laboratories Private Limited" ва "Kopran Limited", шунингдек, Польша фармацевтика саноатининг йирик вакилларидан бири – "Polpharma Group" компаниялари вакиллари билан мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувларда Ўзбекистон фармацевтика саноатига инвестиция жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, дори воситалари ва фармацевтик субстанциялар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда технологиялар трансфери имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хорижий компаниялар вакилларига мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва "BioPharma City" инновацион фармацевтика кластери имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА