Чучук сувларнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланмоқда (+видео)
Бугун сув танқислиги муаммоси ҳар қачонгиданда жадал тус олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Марказий Осиё сув танқислиги бўйича энг кўп жабр кўраётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. 2040 йилга бориб Марказий Осиёда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ортиши, айни пайтда сув захиралари эса 25-30 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда. Бу минтақадаги трансчегаравий дарёлар (Амударё ва Сирдарё) оқимининг кескин камайишига ва жиддий иқтисодий инқирозга олиб келади.
Дунё бўйича ишлатиладиган сувнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Бироқ, сувдан фойдаланиш маданияти ва суғориш тизимларининг эскиргани сабабли сувнинг жуда катта қисми беҳуда исроф бўлади.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувнинг қарийб 35-40 фоиз қисми далаларга етиб боргунча эскирган суғориш каналларидаги сизишлар ва буғланиш туфайли исроф бўлади. Замонавий томчилатиб суғориш технологияларига ўтиш эса сув сарфини 50 фоизгача тежаш имконини беради. Уй хўжалиги даражасида эса тиш юваётганда жўмракни ёпиб қўйиш орқали ҳар бир инсон йилига ўртача 8 000 литргача тоза сувни тежаб қолиши мумкин.
Шунингдек, аҳоли саломатлигида ичимлик сувининг сифати муҳим. Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар куни 1000 дан ортиқ беш ёшгача бўлган болалар хавфсиз бўлмаган сув, ёмон санитария ва гигиена шароитлари келтириб чиқарадиган ичак касалликлари (диарея) оқибатида вафот этар экан.
ЎзА ва Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда йўлга қўйилган «Мақсад» лойиҳасининг бу галги сонида сув ресурсларининг камайиши, сувни тежаш маданияти, аҳоли саломатлигида ичимлик сувининг сифати каби масалалар ҳақида сўз борди.
Бу борада Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази бош мутахассиси, тарих фанлари доктори Отабек Алимардонов билан суҳбатлашдик.
Суҳбат давомида сувни тежаш маданиятини шакллантириш учун қандай чоралар кўриш лозимлиги, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш учун қандай технологиялар зарурлиги, сифатсиз ичимлик суви инсон саломатлигига қанчалик хавф туғдириши ҳамда аҳолини хавфсиз ичимлик суви билан таъминлашда кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида сўз борди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aMSiunLvBz8" title="Chuchuk suvlarning 70 foizi qishloq xo‘jaligiga sarflanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Нишон Абдувоитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА