Чорвачиликда хориж тажрибалари ўрганилмоқда
Покистон Ислом Республикаси ишбилармон доиралари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ҳудудларида икки томонлама манфаатли ва истиқболли лойиҳалар амалга ошириш кутилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг бундан бир муддат олдин Покистонга қилган сафари чоғида эришилган келишувлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатларга асосан Оҳангарон туманида туман ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуршид Қорабоевлар иштирокида Покистоннинг “Samsons Agro Farms” компанияси вакили Муҳаммад Файсал Охунзода билан чорвачилик йўналишида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг мантиқий давоми сифатида тумандаги йирик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган музокаралар ташкил этилди. Унда маҳаллий фермерлар ва хорижий ҳамкор ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди. Жараёнда Оҳангарон туманининг табиий-иқлим шароити, чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари, озуқа базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор зотларни кўпайтириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Мутахассислар маълум қилишича, туманда чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ва агрокорхоналарда жами 21,5 минг бош қорамол парваришланмоқда. Шундан 3,8 минг бошини сигирлар ташкил этади. Шунингдек, ҳудудда 181 минг бош қўй ва эчки, 4,4 минг бош от ҳамда 1,4 миллион бош парранда мавжуд.
2025 йилда чорвачилик субъектлари томонидан 8,2 минг тонна гўшт, 8 минг тонна сут, 86,6 миллион дона тухум, 40,7 тонна балиқ ва 10,6 тонна асал етиштирилди.
Жорий йилда умумий қиймати 848 миллиард сўм бўлган 59 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу ташаббуслар доирасида чет элдан 6 минг 350 бош наслли қорамол, 2 минг 961 бош қўй ҳамда 816 минг бош наслли парранда олиб келиниши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Покистон компанияси вакиллари томонидан чорвачиликни саноат асосида ривожлантириш ҳамда сув тежамкор технологиялар орқали озуқа етиштиришга оид замонавий ечимлар тақдим этилди. Учрашувда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тажриба алмашиш ва илғор технологияларни жорий этиш орқали соҳа самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур йўналишдаги музокараларни изчил давом эттириш ва аниқ инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришиш режалаштирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА