Чортоқда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.
Хусусан, D–111 автомобиль йўлининг 15–16-километрларида темир йўл устидан ўтган кўприкни тўлиқ қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. 1974 йилда барпо этилган мазкур кўприк Уйчи ва Чортоқ туманларини боғловчи муҳим транспорт иншоотларидан бири ҳисобланади.
[gallery-31795]
Қиймати 36 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида замонавий муҳандислик талаблари асосида ҳар икки йўналишда иккитадан ҳаракат тасмасига эга, жами тўрт тасмали янги кўприк барпо этилмоқда. Шунингдек, пиёдалар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари «Romitan Trans yo‘l qurilish» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Туманда Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш ишлари ҳам давом этмоқда.
Умумий қиймати 34 миллиард 854 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида боғ ҳудуди кенгайтирилиб, замонавий ландшафт ечимлари, ёритиш тизими, болалар ва ёшлар учун аттракционлар, дам олиш ҳамда сайр майдонлари барпо этилмоқда.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Чортоқ туманининг транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли учун қулайликларни кенгайтириш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА