Чўнтош малиначилар маҳалласига айланмоқда
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Чўнтош маҳалласида 40 дан ортиқ оила томорқасида малина парваришлаб, салмоқли ҳосил олмоқда. Оилаларга қўшимча даромад келтириб, бозорларни шифобахш неъмат билан таъминламоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, бу резавор Б, C, А витаминларига бой. Унинг таркибида кремний, молибден, магний, марганец, кальций, темир, фосфор, натрий, хром, рух каби фойдали моддалар, кўп миқдорда антиоксидантлар мавжуд. У юрак-қон томир ва асаб тизимининг ҳолатини яхшилашга, иммунитетни мустаҳкамлаб, метаболизмни нормаллаштиришга, баргидан тайёрланган қайнатма аёлларнинг ҳомиладорлик пайтида кўнгил айнишидан халос бўлишга ёрдам беради. Коллаген ишлаб чиқаришни яхшилаш ва эркин радикалларнинг таъсирини бартараф этишга, эллагик кислота таркиби туфайли онкологик касалликларнинг олдини олишга кўмаклашади. Шамоллаш ва яллиғланишга қарши таъсири бор. Терининг ҳолатини ёшартириш ва яхшилаш учун косметологияда ҳам қўлланилади.
Маҳаллада яшайдиган Ўнгал Турсунова узоқ йиллар мактабда информатика фанидан ёш авлодга сабоқ берди. Фидойи устоз нафақага чиққач, мўъжазгина томорқасида турли озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, малина етиштиришни ҳам йўлга қўйди. Бу йил 63 ёшни қарши олган онахон етти сотих томорқасининг тўрт сотихини малиназорга айлантирди. Уч сотих ерда помидор, бодринг, пиёз, қулупнай каби маҳсулот етиштирилади. Уларнинг бир қисми оила эҳтиёжи учун ишлатилса, қолгани бозорга чиқарилади.
– Малина босқичма-босқич пишиб, етиладиган мева, – дейди Ўнгал Турсунова. – Баҳор ва куз фаслларида ҳосил беради. Об-ҳаво яхши келса октябрь ойининг охирларида ҳам ҳосил терамиз. Кейин ишлов берамиз. Кам харажат ўсимлик. Тиниқ, ширин сувни ёқтиради. Шунда ҳосили яхши бўлади. Тўрт сотих ердан кун ора 50-60 килограммдан мева оламиз. Даромади яхши.

Оила шу йилнинг ўтган икки ойида малинадан 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олди. Шунингдек, помидор, бодринг, қулупнай ҳам оилага қўшимча даромад келтирмоқда.
Томорқадан оқилона фойдаланиб, тўкин турмуш кечираётган Ўнгал Турсунова бир ўғил ва бир қизни улғайтириб, камолга етказди. Ҳозир бир қучоқ неваранинг суюкли момоси. У фарзанду, невараларини, маҳалла ёшларини ҳалол меҳнатга меҳр қўйишга ундаб келади.
– Ҳаммага меҳнат қилиш кераклигини кўп айтаман, – дейди онахон. – Меҳнат яхши. Тер тўкиб ишласангиз, соғлом, тетик бўласиз. Меҳнат инсоннинг юзини ёруғ қилади. Унинг самарасини ўйласангиз, рўзғорингиз тўкин, хонадонингиз обод бўлади.
Маҳаллада томорқадан оқилона фойдаланаётган чўнтошликлар оилавий бюджетларини мустаҳкамлаб, обод турмуш кечирмоқда. Янги уйлар барпо этаётир. Элга тўй бермоқда. Меҳнат ортидан тетик, соғлом яшамоқда. Яқин йилларгача улар томорқасига помидор, бодринг, қулупнай, пиёз каби озиқ-овқат экинларини экиб, парваришлаган бўлса, эндиликда малина етиштиришга қизиқиш ортиб бораётир. Айни пайтда қирқдан ортиқ хонадондаги малиназорлар маҳаллага ўзгача файз улашмоқда.
Маҳалла томорқачиларининг айтишича, бир туп малина меҳр билан тўғри парваришланса, ўн йилгача ҳосил беради. Бу томорқанинг бир қисмида парваришланаётган резавор мевадан салмоқли ҳосил олишга қулай имконият яратади. Чўнтошликлар баҳор фаслида бир кило мевани маҳаллий бозорда ўртача олтмиш минг сўмдан сотган бўлса, шу кунларда унинг бир килоси 30-35 минг сўмдан харид қилинмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, мўъжазгина томорқаларни ҳам даромад манбаига айлантириб, аҳолининг тинч, фаровон турмушини таъминлашга қаратилаётган ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири