Бюджет самарадорлигида парламентнинг роли
Давлат бюджети иқтисодиётимизни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллаб, мамлакат тараққиёти ва ижтимоий ҳимоясини таъминловчи асосий молиявий ҳужжат ҳисобланади. Бюджет маблағларининг самарадорлигини таъминлаш ҳар бир соҳа ривожида, мавжуд камчиликларни ҳал этишда долзарб аҳамиятга эга.
Маълумки, 2020 йилдан бошлаб Бюджетнома қонун шаклида тасдиқланиб келинмоқда. Бу эса Ҳукумат ва вазирликлар масъулиятини ошириб, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни тўлиқ парламент назоратига олиш имконини бермоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган “Давлат бюджетини шакллантиришда ва ижросини таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги семинарда шу каби жиҳатларга эътибор қаратилди.
Депутатлар қайд этганидек, бюджет лойиҳасига асос бўлувчи фискал стратегия ва макроиқтисодий прогнозлар ҳар йилнинг июнь ойидаёқ парламентга тақдим этиб келинаётгани бюджет параметрларини олдиндан пухта таҳлил қилиш ва халқ манфаатларига мослаш имконини беряпти.

Семинарда Ҳукумат вакиллари молиявий ресурсларнинг якуний натижадорлигига эришиш вазирликларнинг бош вазифасига айланганини қайд этди. Шу билан бирга, давлат дастурлари ижросида мақсадли индикаторлар ижросини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилаётгани билдирилди.
Таъкидланганидек, давлат молиясини бошқариш тизимида рақамлаштириш жараёнларининг изчил амалга оширилаётгани бюджет шаффофлигига хизмат қилмоқда. Шунингдек, депутатлар "Ташаббусли бюджет" доирасида жорий этилган “депутат ташаббуси” амалиёти халқ вакиллари учун муҳим восита бўлаётганига тўхталиб ўтди.
Семинар давомида бюджет самарадорлигида парламент назорати муҳимлиги қайд этилиб, ушбу механизмларни янада такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар, таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА