Энди банк ходимлари янги бинода ишлашади
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида Халқ банкининг замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу нафақат банк инфратузилмасини янгилаш, балки аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим воқеадир.
Очилиш маросимида Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов иштирок этиб, нуроний отахонлар билан биргаликда янги иншоот рамзи бўлган алвон боғични кесди. Тадбирда мазкур бинонинг туман иқтисодий ҳаёти ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизимидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.


Шу кунга қадар Халқ банки туман марказидаги эски бинода фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда унинг жамоаси замонавий талаблар асосида барпо этилган, барча қулайликларга эга янги масканда иш олиб боради. Бу эса мижозларга хизмат кўрсатиш тезкорлиги ва сифатини янада ошириш имконини беради.
Ғолиблар маҳалласидаги Алпомиш кўчасида қад ростлаган мазкур бино кенг ва шинам хизмат кўрсатиш заллари, замонавий техник жиҳозлар ҳамда мижозлар учун яратилган қулай шарт-шароитлари билан ажралиб туради. Бу ерда аҳоли пенсия ва ижтимоий тўловлар, омонат ва кредит хизматлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун молиявий операциялардан қулай фойдаланиши мумкин.


Арнасойдаги янги банк биноси ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб, туман инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган молиявий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири