Чўл бағрида яшил мўъжиза
Жилвон кенгликларида меҳнат, матонат ва тадбиркорлик билан яратилган ноёб маскан.
Чўл...
Бу сўзни эшитганда кўз ўнгимизда чексиз сарҳадлар, қум барханлари, жазирама иссиқ, сувсизлик ва сийрак ўсимликлар намоён бўлади. Бу заминда бир ниҳолни кўкартиришнинг ўзи осон эмас. Уни экиш мумкин, аммо парваришлаб, илдиз оттириб, соя-салқин берадиган дарахтга айлантириш учун сабр, меҳнат ва беқиёс матонат керак.
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Жилвон кенгликлари эса бугун ана шу ҳақиқатнинг ўзига хос тимсолига айланган.
Кечаги саҳро бугун яшилликка бурканган. Бир вақтлар янтоқ ва тўқайзорлар орасида чўзилиб ётган ҳудудда бугун боғлар барпо этилган, кўчатлар етиштирилмоқда, сувлар жилдираб оқмоқда. Энг муҳими, бу ерда инсон меҳнати билан табиатнинг ўзига хос мўъжизаси яратилган. Бу мўъжизанинг ортида эса тадбиркор, “Мардлик” ордени соҳиби Афзал Қўшшаевнинг 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги изланишлари, машаққатли меҳнати ва эзгу мақсади турибди. “Бу лойиҳанинг бошланиши 21 йил олдин амалга ошган”, — дейди Афзал Қўшшаев. Ўша пайтда бу ерларда ҳозиргидек сўлим боғлар, яшил ҳудудлар ва дам олиш маскани ҳақида ўйлашнинг ўзи қийин эди. Аммо Афзал Қўшшаев чўл бағрида ер билан тиллашиш, унинг имкониятларини кашф этишга бел боғлади. Дастлаб бор-йўғи 2 гектар ер майдонида фермер хўжалигини ташкил этди. Кейин эса ҳудуд атрофи, зовур бўйлари ва ер четларига дарахт экишдан бошлади. Бир қарашда оддийдек туюлган бу иш аслида катта мақсаднинг илк қадами эди.


Бир ниҳол...
Яна бир ниҳол...
Йиллар ўтиб ниҳоллар дарахтга, дарахтлар эса боғларга айланди. Чўлнинг туси ўзгарди. Саҳро бағрида ҳаёт кўпайди.
Бугун Афзал Қўшшаев раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг ер майдони 50 гектарни ташкил этади. Яна 20 гектар майдонда “Эко Агро туристик Жилвон жилоси” маскани барпо этилган. Демак, бу ерда фақат ер ўзлаштирилмади. Бу ерда янги муҳит, янги иш ўринлари, янги дам олиш маскани ва энг муҳими, табиатга муносабатнинг янги маданияти шаклланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ер ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, ички туризмни ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан туризм соҳасида яратилган кенг имкониятлар, тадбиркорликка берилаётган имтиёз ва кўмаклар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар Жилвон кенгликларидаги бу ташаббус учун ҳам янги имкониятлар эшигини очди.


Натижада бир вақтлар чўл бағридаги оддий фермер хўжалиги бўлган ҳудуд бугун экотуризм, кўчатчилик, деҳқончилик ва дам олиш масканларини бирлаштирган ўзига хос мажмуага айланди.
Бу эса давлат томонидан яратиб берилаётган имкониятдан самарали фойдаланган тадбиркорнинг ўз ғояси ва меҳнати билан қандай натижа яратиши мумкинлигининг яққол намунасидир.
Афзал Қўшшаевнинг бугунги фаолияти фақат фермерлик билан чекланиб қолмаган. У чўл бағрида ўзининг кўчатчилик мактабини яратди. Масканда 40 дан ортиқ турдаги мевали ва манзарали кўчатлар етиштирилмоқда. Улар орасида ноёб дарахт турлари ҳам бор.
Сада қайрағоч — шулардан бири. Унинг лўнда, айлана-шарсимон шаклда ўсиши уни манзарали дарахт сифатида алоҳида ажратиб туради. Чаппа ғужум эса маъмурий бинолар, зиёратгоҳлар ва ободонлаштирилган ҳудудларга ўзига хос кўрк бағишлайдиган дарахтлардан бири. Айни пайтда уни кўпайтириш ва маҳаллаларга етказиб бериш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Сувсизликка чидамлилиги билан ажралиб турадиган қайрағоч кўчатларидан бу ерда 300 минг дона мавжуд. Қатарпа, япон сафараси, оддий қайрағоч каби манзарали дарахтлар билан бир қаторда олхўри, зардоли, беҳи, шафтоли, бодом ва ёнғоқ каби мевали кўчатлар ҳам етиштирилмоқда. Энг эътиборлиси, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бир йилда қарийб 700 минг туп кўчат етказиб берилмоқда. Бу рақамнинг ўзиёқ Жилвондаги меҳнат кўламини тасаввур қилиш учун етарли.


Зеро, ҳар бир кўчат — бу шунчаки дарахт эмас. У келажакдаги соя, тоза ҳаво, яшил ҳудуд, янги манзара ва инсон саломатлиги учун қўшилган ҳиссадир.
“Жилвон жилоси”га қадам қўйган инсон бу ернинг кечаги қиёфасини тасаввур қилиши қийин. Атрофдаги яшиллик, боғлар, дарахтзорлар, сув жилдираши, болаларнинг қувноқ кулгуси ва мусаффо ҳаво саҳро тушунчасига мутлақо бошқача маъно беради. Бу ерда табиат ва инсон меҳнати бир-бири билан уйғунлашган. Экологик муҳитни яхшилаш билан бирга, ҳудудда фауна ва биохилмахилликни шакллантириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда. Натижада Жилвон кенгликларида нафақат дарахтлар, балки янги ҳаёт муҳити ҳам пайдо бўлмоқда.
Масканга келган одамнинг кўнгли ёришади. Бир томонда ўрмонга айланган яшил ҳудуд, бир томонда сўлим дам олиш жойлари, болалар майдончаси, оқар сувлар... Буларнинг барчаси саҳро бағрида яратилганини ўйласангиз, ҳайратингиз янада ортади.
“Ўзим шу туманданман. Бу ерга иккинчи марта келишим. Жуда ажойиб жой бўлибди. Катта меҳнат талаб қилган чўл ҳудудидаги бу маскан инсонлар учун жуда қулай. Кўз қувнайди. Одамнинг баҳри дили очилади”, — дейди фуқаро Ботир Амонов.
Жилвоннинг бугунги қиёфасини кўриб, кечаги ҳолатини тасаввур қилиш осон эмас. Аммо бу ўзгаришларнинг тирик гувоҳлари бор.


“Бу жойнинг обод бўлишига ишонмасдик…”
— Мен шу ҳудудга келганимга 20 йил бўлди. Авваллари бу ерлар янтоқзор, тўқайзор, чўл зонаси эди. Келган пайтимизда бу жойнинг обод бўлишига ишонмасдик. Бугун эса бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Дарахтлар экдик, меҳнат қилдик, ҳудудни обод ва сўлим масканга айлантирдик. Кўриб турганингиздек, меҳнат орқали барча мақсадларга эришса бўларкан, — дейди Шаҳзода Раҳмонова.
Дарҳақиқат, Жилвон тарихи бир ҳақиқатни яна бир бор исботлайди: ернинг тақдири фақат унинг табиий имкониятларига эмас, инсоннинг унга бўлган муносабатига ҳам боғлиқ.
Кимдир чўлни кўриб, имкониятсизликни кўради. Кимдир эса шу чўлнинг бағрида имконият кўради. Афзал Қўшшаев иккинчисини танлади.
“Мардлик” ордени соҳиби Афзал Қўшшаевнинг ҳаёт йўлига назар ташлар экансиз, мукофотнинг замирида қандай меҳнат турганини англаш қийин эмас. Мардлик — фақат қийин вазиятда жасорат кўрсатиш эмас. Мардлик — кўпчилик “бўлмайди” деган ишга “бўлади” деб ишониш. Мардлик — қумлоқ ерга ниҳол экиш ва унинг соясида келажак авлод дам олишини ўйлаш. Мардлик — йиллар давомида натижаси дарҳол кўринмайдиган меҳнатдан чарчамаслик. Афзал Қўшшаевнинг Жилвондаги фаолияти ана шундай матонатнинг амалий ифодасидир.
Бир вақтлар чўл бўлган ҳудудда бугун яшил ҳаёт барпо этилган. Бир вақтлар ишончсизлик уйғотган кенгликларда бугун янги иш ўринлари яратилган. Оддий фермер хўжалиги ўрнида эса кўчатчилик, экотуризм ва қишлоқ хўжалигини уйғунлаштирган катта ташаббус пайдо бўлган.
Ҳали бу ибтидоси...


“Жилвон жилоси” бугун ўз меҳмонига шунчаки дам олиш имконини эмас, бир фикрни ҳам улашади: Инсон хоҳласа, чўлда ҳам боғ ярата олади. Бу масканга келган киши табиатнинг эмас, инсон имкониятларининг чегараси ҳақида ўйлай бошлайди.
Чунки бу ерда ҳар бир дарахт ортида бир ҳикоя, ҳар бир боғ ортида бир меҳнат, ҳар бир кўчат ортида эса бир орзу бор.
Бугун Жилвон кенгликларида яшил ҳаёт жўш урмоқда. Аммо Афзал Қўшшаевнинг режалари бу билан тугамайди. Саҳро бағрида ҳали янги боғлар, янги лойиҳалар, янги сайёҳлик масканлари ва янги иш ўринларини яратиш нияти бор. Энг муҳими, бу ташаббус бир инсоннинг шахсий ютуғидан ошиб, бутун ҳудуд учун ибратга айланмоқда.
Кеча чўл эди. Бугун — боғ. Кеча ишончсизлик бор эди. Бугун — натижа. Кеча бир ниҳол экилган эди. Бугун эса Жилвон бағрида минглаб дарахтлар ҳаётнинг яшил қўшиғини куйламоқда.
Балким, Жилвоннинг энг катта жилоси ҳам шундадир — инсон меҳнати билан саҳрода ҳаёт уйғонганида.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари