Пайвандчилар малакасини баҳолашнинг халқаро тизими жорий этилмоқда
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Эстония Пайвандчилар ассоциацияси ҳамкорлигида ИСО 9606 халқаро стандарти асосида пайвандчилар малакасини баҳолаш ва сертификатлаш лойиҳаси доирасида иш берувчилар ҳамда хусусий бандлик агентликлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, пайвандчиларнинг касбий кўникмаларини халқаро талаблар асосида баҳолаш ва сертификатлаш, бу маҳаллий мутахассисларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, йирик саноат ва қурилиш лойиҳаларида хавфсизлик ҳамда юқори сифатни таъминлашнинг энг муҳим йўналишидир.
Лойиҳанинг мақсади пайвандчиларнинг касбий кўникмаларини халқаро талаблар асосида баҳолаш, малакасини тасдиқлаш ва уларнинг маҳаллий ҳамда хорижий меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш. Халқаро сертификатга эга мутахассислар ўз малакасини иш берувчиларга ишончли намойиш этиб, яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларига чиқиш имкониятини оширади.

Тадбирда Эстония Пайвандчилар ассоциацияси директори Сергей Боага Эстония тажрибаси билан ўртоқлашиб, халқаро стандартлар асосида пайвандчиларни тайёрлаш ва малакасини баҳолаш бўйича амалий тавсиялар берди.
Учрашувда иш берувчиларнинг эҳтиёжи, мутахассисларга қўйилаётган талаблар ҳамда пайвандчиларни тайёрлаш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Г.Бобоева, ЎзА