Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилган шахслар ушланди
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Чирчиқ шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар фуқаро қўлга олинди.
2000 ва 2002 йилларда туғилган мазкур шахслар “Телеграм” мессенжеридаги хорижлик кураторлари томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган “гашиш мойи” ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, “гашиш” гиёҳвандлик воситасини тайёрлашган.
Хонадон кўздан кечирилганда, тахминий оғирлиги 400 гр бўлган “гашиш”, 5 кг ярим тайёр маҳсулот, наркотикларни қуритиш учун мўлжалланган электр печ, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарози ва елим идишлар ашёвий далил сифатида олинди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу шахсларнинг 1 нафари муқаддам Россияга, 2 нафари эса Вьетнам ва Таиланд давлатларига бориб, лаборатория шароитида наркотик моддалар тайёрлаш билан шуғулланишган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 2761-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА