Чим маҳалласи: обод қишлоқдан иқтисодий фаол ҳудудга
Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Чим маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари алоҳида объектларни таъмирлаш ёки янги бинолар қуриш билан чекланмайди. Бу ерда маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган яхлит ёндашув шаклланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-298-сон қарори асосида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури Чим маҳалласи мисолида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Дастурнинг муҳим жиҳати шундаки, у фақат қурилиш ишларини эмас, балки муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий инфратузилма, тадбиркорлик ва аҳоли фаровонлигини бир-бири билан уйғун ҳолда ривожлантиришни назарда тутади.

Маҳаллада дастлаб шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган 78 та хонадон атрофида тартибга келтириш ишлари бошланди. Шу билан бирга, Қарши – Чим – Шаҳрисабз автомобиль йўли бўйидаги 17 та ҳамда Чинорли ва Ўрта Чим кўчаларидаги 59 та хонадон қайта қурилмоқда ва таъмирланмоқда. Уларнинг 14 тасида тижорат банклари молиявий кўмаги асосида қурилиш ишлари олиб борилаётгани давлат ва банк тизимининг аҳоли манфаати йўлидаги ҳамкорлигини намоён этади.

Маҳалла марказида қурилаётган маҳалла ва ёшлар маркази эса ушбу ҳудуднинг келажакдаги ижтимоий ҳаёт марказига айланиши кутилмоқда.

– Маҳаллада шу вақтга қадар маҳалла еттилиги фаолият юритиши учун муносиб бино бўлмаган, – дейди “Чим” МФЙ раиси Собир Ирисбоев. – Янги марказ эса аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда давлат хизматлари, ҳуқуқий маслаҳатхона, таълим ва спорт марказлари, хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда аҳоли дам олиш масканлари жойлашади. Бу эса маҳалланинг фақат маъмурий эмас, балки ижтимоий фаоллик нуқтасига айланишига хизмат қилади.

Инфратузилмага қаратилган ишлар ҳам кенг қамровли. Лойиҳа доирасида маҳаллага кириш қисми ободонлаштирилиб, стелла ўрнатилади. 2 километр автомобиль йўли асфальт қилиниб, худди шунча масофада пиёдалар йўлаклари ва тунги ёритиш тизими барпо этилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида икки дона 250 кВА қувватли трансформатор, 220 та темир-бетон устун ҳамда 8,4 километр электр тармоғи қурилади. Шунингдек, икки артезиан қудуғи қазилиб, 3 километр ариқ бетонланади ва лотоклар ўрнатилади. Бу ишлар коммунал хизматлар сифатини ошириш билан бирга, келгусида аҳоли сони ва қурилишлар кўпайиши учун ҳам мустаҳкам асос яратади.

Маҳалладаги тўртта ижтимоий объектни реконструкция қилиш ҳам инсон капиталига инвестиция сифатида аҳамиятлидир. 4-сонли умумтаълим мактабида 12 миллиард сўмлик, 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида эса 7 миллиард сўмлик энергия тежамкор реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. 48-сонли оилавий поликлиника замонавий тиббий жиҳоз ва мебеллар билан таъминланса, 2-сонли Болалар спорт мактаби ҳам янгиланади. Бу эса таълим, тиббиёт ва спорт соҳаларида хизматлар сифати ошишига хизмат қилади.

Экологик муҳитни яхшилаш ҳам эътибордан четда қолмаган. 105 та хонадонда 3 километр ток сўриси барпо қилиниб, 2 мингдан зиёд ток кўчатлари экилган. Бу бир томондан маҳалла кўркини оширса, иккинчи томондан оилаларнинг қўшимча даромад манбаини шакллантиришга хизмат қилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам аҳамиятли. Бугунги кунда шаҳарсозлик талаблари асосида 47 та тадбиркорлик объекти қайта таъмирланмоқда. Канал бўйида 1,1 километрлик замонавий сайилгоҳ ташкил этилаётгани эса хизмат кўрсатиш ва туризм элементларини ривожлантиришга хизмат қилади. Маҳалла марказида хусусий тадбиркор ташаббуси билан барпо этилаётган сайилгоҳ ҳам хусусий секторнинг ҳудуд тараққиётидаги иштирокини кўрсатади.

Энг муҳим иқтисодий лойиҳалардан бири самарасиз фойдаланилаётган 5 гектар боғ ўрнида “Туронбанк” кўмагида замонавий агрокластер ташкил этилаётганидир. Томчилатиб суғориш технологияси асосида 26 та иссиқхона, 100 тонна сиғимли совутгич омбори ҳамда янги трансформатор пункти қурилмоқда. Бунинг натижасида 52 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Демак, лойиҳанинг асосий натижаси фақат янги объект эмас, балки доимий бандлик ва аҳоли даромадининг ошишида намоён бўлади.

Маҳалланинг энг кекса фуқароларидан бири, 86 ёшли Эшмурод Холиқовнинг хотиралари эса бугунги ўзгаришларнинг ҳақиқий қийматини яққол кўрсатади.

– Бир вақтлар ёмғир ёғиши билан кўчалар лойга ботар, болаларнинг мактабга бориши қийинлашар эди, – дейди Эшмурод бобо. – Бугун эса шинам кўчалар, замонавий инфратузилма ва қулай шароитлар янги авлод учун оддий ҳолга айланган. Бу ўзгаришларни кўриб, мана шундай дориламон кунларга етказганига шукрона айтамиз. Қўлларимиз доим дуода.

Чим маҳалласидаги ишлар шуни кўрсатмоқдаки, замонавий маҳалла тушунчаси энди фақат обод кўчалар билан эмас, балки сифатли инфратузилма, ривожланган ижтимоий хизматлар, янги иш ўринлари, тадбиркорлик имкониятлари ва инсон манфаатини таъминлайдиган муҳит билан баҳоланмоқда. Айнан шундай комплекс ёндашув маҳаллаларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири