“Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йил 2-мавсумига старт берилди (+видео)
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга татбиқ қилинган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш бўйича мамлакатимизда жорий этилган илк амалиёт ҳисобланади ва бу йўналишда дастлабки қадамлар 2018 йилда қўйилган. Шундан буён халқимизнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолари ўз ечимини топмоқда.
2026 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнлари халқимиз учун кўплаб хушхабарлардан бошланганди. Жорий йилнинг 15-июлидан “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумига старт берилди. Ушбу мавсум мазкур жараён жорий этилганидан буён ўтказилаётган ўн биринчиси ҳисобланади. Соҳадаги янгиликлар билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги етакчи мутахассиси Улуғбек Чориев ўртоқлашди.
- Айтингчи, “Ташаббусли бюджет”нинг ушбу мавсумида халқимизни яна қандай янгиликлар кутмоқда?
- Албатта, бу мавсум ҳам ўтган мавсумлардагидек ўзгаришлар, янгиланишлар билан фарқ қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, мавсумдан мавсумга ўтаётган жараёнларда албатта янгиликлар бўлади. Яъни, бу мавсумда кузатилган камчиликларни келгуси мавсум такрорламайди.
Бунда:
15-июлдан 3-августгача лойиҳаларни киритиш;
4-8-август кунлари лойиҳаларни саралаш;
19-21-август кунлари тарғибот босқичи;
22-31-август кунлари овоз бериш босқичи;
1-10-сентябрь кунлари қўшимча ғолибларни эълон қилиш босқичи ўтказилади. Маълумот учун, анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра ғолиб лойиҳалар 1-сентябрь Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.
“Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида кетма-кет икки мавсумда ғолиб бўлган маҳаллалар учун навбатдаги икки мавсумда лойиҳа киритишни чеклаш амалиёти жорий этилган.
Унга кўра, аввалги мавсумларда кетма-кет ғолиб бўлган ҳамда 2026-йилги 2-мавсумида лойиҳа киритиш имконияти чекланадиган маҳаллалар рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, танаффус қўлланган маҳаллалар томонидан ҳам шерикчилик асосида лойиҳаларни илгари суриш имконияти мавжуд. Шу билан бирга депутат ташаббуси амалиёти такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29-июндаги “Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда халқ вакиллари ва жамоатчилик учун қўшимча имкониятларни яратиш тўғрисида”ги 243-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2026 йил 2-мавсумидан бошлаб депутатларга ажратилган маблағ доирасида бир ёки бир нечта лойиҳани танлаш имконияти берилади.
Бу ўзгариш ажратилган маблағлардан янада самарали фойдаланиш, маҳаллий муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар қамровини кенгайтириш ҳамда ғолиб лойиҳалар сонини оширишга хизмат қилади.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/D1P6QXIGcNY" title="“Tashabbusli budjet”ning 2026 yil 2-mavsumiga start berildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ёқуб Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА