Чекка қишлоқлик йил ўқитувчиси (+видео)
Педагоглар ўртасида ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танлови натижаларига кўра, республикамиздаги мавжуд 208 шаҳар ва туман бўйича биринчи ўринни эгаллаган ўқитувчилар аниқланди.
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” эзгу тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари муаллимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор мисолида ўз ифодасини топмоқда.
Эътиборлиси шундаки, “Йил ўқитувчиси” танловида юртимиз миқёсида 46 мингдан ортиқ педагог ходимлар қатнашиб, ўз касбий билим ҳамда маҳоратларини намоён қилишди. Улар орасида тажрибаси ва интилиши билан ажралиб турган 208 нафар муаллимнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 минг 400 баробари, яъни ҳозирги кунда 616 миллион сўмдан пул мукофоти тақдим қилинди.

Педагогларнинг касбий салоҳиятини намоён этиш, уларнинг илғор иш тажрибасини кенг оммалаштириш ва машаққатли меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларидан 14 нафар устоз ғолиблар сафида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, меҳнатнинг қадри эътироф топганда яққол кўзга ташланади. Яқин вақтгача кўп вақтини мажбурий меҳнат билан банд қилган ўқитувчилар юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, ғамхўрлиги ва улкан ҳурмати туфайли ўз ўринларини топишди. Таълим муассасаларида педагогларнинг иш шароити яхшиланди, маошлари оширилди.

22 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд қишлоғида жойлашган 33-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Маҳбуба Бегалиева ҳам охирги 10 йилда педагогларнинг обрўси юксалганидан баҳрманд бўлиб, салмоқли ютуқларга эришиб келаётган фидойи муаллимлардан ҳисобланади.
Ҳар бир муваффақият ортида йиллар давомида тўпланган тажриба, тинимсиз изланиш ва касбга садоқат мужассам. Мурғак болаларга илм зиёсини меҳр-муҳаббат билан улашиб келаётган иқтидорли бу муаллиманинг муваффақияти ҳам айни шу фидокорона меҳнатнинг амалий натижасидир.

Танловнинг илк босқичида берилган 50 саволга тўлақонли жавоб қайтарган Маҳбуба Бегалиева кейинги босқичда Чуст туманидаги мактаблардан бирида бошланғич синфларга берган очиқ дарслари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Ҳал қилувчи босқичда эса мактабда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар бўйича тақдимоти ҳамда 40 тест саволларига зукколик билан ҳозиржавоблиги унинг ғолиб бўлишини таъминлади.
.

Дарвоқе, у ишлаётган 33-мактаб 1965 йилда қурилган бўлиб, 740-ўрин ва 1,5 коэффициентга эга. Икки сменада 1059 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Муяссархон Юсупова бошчилигидаги ушбу мактаб педагогик жамоаси бор имконият ва билимини ишга солган ҳолда, Янги Ўзбекистонимиз учун муносиб бўлган авлодни камолга етказишга интилмоқда. Шунингдек, мактабнинг уч нафар ўқитувчиси 1000 АҚШ долларига тенг миқдордаги иш ҳақи олаётгани таҳсинга лойиқ.

Хусусан, қаҳрамонимиз Маҳбуба Бегалиева ҳам ўз дарсларида инновацион услублар, замонавий педагогик технологиялар ва ранг-баранг кўргазмали воситалар орқали болажонларнинг мустақил фикрлаши, ижодкорлиги, амалий кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бунинг натижасида у миллий сертификатга эга бўлиб, республика Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси, 70 фоизлик устама билан бугунги кунда 20 миллион сўм миқдорида ойлик маош олмоқда. Бу унинг иши кундалик фаолияти билан бир қаторда, нуфузли танловларда ҳам муносиб баҳоланмоқда. “Йил ўқитувчиси” танловидаги ғолиблик бунинг ёрқин далилидир.

– Янги Ўзбекистонда ўз устида ишлаган, интилган ўқитувчи юқори маошга эга бўлишини, билимнинг кучи нақадар беқиёс эканлигини иш фаолиятим мисолида кўриб турибман, – деди оддий қишлоқдан етишиб чиққан “Йил ўқитувчиси” танлови ғолиби Маҳбуба Бегалиева. – Айтиш жоизки, бундай дамлар келишини дадам раҳматли орзиқиб кутган эдилар. Отамнинг орзулари ушалиб, юртимизнинг бахтиёр муаллимлари қаторида муносиб рағбатга эга бўлдим. Очиғи, биз бундан ўн йиллар аввал касб байрамимизни дала майдонларида оғир шароитларда кутиб олганмиз. Танловдаги зафарим учун берилган мукофот пулини вилоят марказидаги кўпқаватли уйлардан хонадон харид қилишга ҳамда хайрия ишларига сарфламоқчиман. Мана бугун эса ўқитувчи яна синф хонасига қайтиб, келажак авлод вакилларига таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчилар эъзозланаётган заминда яшаётганимдан фахрланаман.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири