Чегара божхона постида қурилиш ишлари давом этмоқда
Чегара божхона постлари инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, аввало, тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, юк ташувлари узлуксизлигини таъминлаш ҳамда божхона хизматлари самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
“Довут-ота” чегара божхона постида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва модернизация ишлари ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан объектларда қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва сифатли якунлаш, божхона инфратузилмасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, доимий назорат қилинмоқда.

Қурилиш жараёнида замонавий, энергия тежамкор ва иссиқликни сақловчи қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар томонидан тайёрланган қурилиш маҳсулотларининг қўлланилаётгани ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Объектда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва канализация каби ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш ишлари тўлиқ якунланган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири