“C5+1” форматидаги вазирлар учрашувидан қандай натижалар кутилмоқда?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар алоқаларини кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим механизми ҳисобланган “C5+1” формати минтақавий мулоқотни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Ушбу платформа сиёсий-дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, энергетика, транспорт-логистика, муҳим минераллар, рақамли технологиялар ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.
Эътиборли жиҳати, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва Самарқанд шаҳрида “C5+1” форматида ташқи ишлар вазирлари учрашувининг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади. Мазкур мулоқотлар нафақат Ўзбекистон – АҚШ муносабатларини янада ривожлантириш, балки Марказий Осиёнинг глобал иқтисодий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва халқаро шериклар билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш нуқтаи назаридан ҳам долзарб.
Хўш, АҚШ Давлат котибининг ташрифи икки томонлама иқтисодий муносабатлар ривожига қандай янги имкониятлар очади? “C5+1” форматидаги учрашувдан қандай амалий натижалар кутилмоқда?
ЎзА мухбири Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, “C5+1” формати доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриддин Қалқонов фикрларини ёзиб олди.

– АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг ташрифига иқтисодий нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, унинг энг муҳим жиҳатларидан бири сиёсий мулоқот билан бир вақтда ишбилармонлик ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратилаётганидир.
Хусусан, Қўшма Штатларнинг 200 нафардан ортиқ бизнес вакилларидан иборат делегацияси ташриф доирасида иштирок этаётгани Америка ишбилармон доираларининг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё бозорига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Бу ҳолатни минтақамизнинг иқтисодий салоҳияти, инвестициявий имкониятлари ва халқаро савдо тизимидаги аҳамияти билан изоҳлаш мумкин.
Бугун Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жалб этишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Самарқанддаги “C5+1” вазирлар учрашуви ҳамда Ўзбекистон – АҚШ ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасидаги мулоқотлар янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим имконият бўлиши шубҳасиз.
Фикримча, музокараларда муҳим минераллар, энергетика, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари алоҳида ўрин тутади.
Айниқса, муҳим минераллар йўналиши эътибор марказида бўлиши мумкин. Чунки жаҳон иқтисодиётида юқори технологияли саноат, электр транспорти, қайта тикланувчи энергетика ва рақамли инфратузилманинг ривожланиши ушбу ресурсларга талабни оширмоқда. Марказий Осиё эса бу борада катта салоҳиятга эга. Бироқ минтақамиз учун асосий вазифа фақат хомашё етказиб бериш билан чекланиб қолмаслик, балки ресурсларни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва халқаро қиймат занжирларига интеграциялашишдан иборат.
Америка компаниялари билан ҳамкорлик бу йўналишда замонавий технологиялар, илғор бошқарув тажрибаси ва инвестицияларни жалб этиш имконини беради. Шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик аҳамиятга эга. Марказий Осиёнинг халқаро савдо йўналишларидаги имкониятларини кенгайтириш, муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш ва ташқи бозорларга чиқиш харажатларини камайтириш минтақанинг рақобатбардошлигини оширади.
Ўзбекистон учун эса АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш иқтисодиётни модернизация қилиш, экспорт бозорларини диверсификациялаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Энг муҳими, бу мулоқотлар узоқ муддатли ишонч, ўзаро манфаат ва амалий натижаларга асосланган ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши шубҳасиз.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА