Бюджет тизимидаги хавфларни барвақт аниқлаш самарадорлиги 50 фоизгача етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, Давлат аудити тизимига сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат тизими жорий этилади, аудит жараёни шаффофлигини таъминлаш, бюджет тизими бюджетларидаги рискларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш усуллари такомиллаштирилади, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Қуйидагилар давлат аудити фаолиятини 2026-2030 йилларда рақамли трансформация қилиш мақсадлари этиб белгиланди:
а) бюджет тизими бюджетларидаги хавфларни барвақт аниқлаш самарадорлигини 50 фоизгача етказиш;
б) сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали бюджет интизоми бузилиши ҳолатини аниқлаш самарадорлигини 1,4 бараварга ошириш;
в) давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларини интеграция қилиш ҳисобига сунъий интеллектга асосланган хавф (риск) таҳдили механизмларини 30 тага етказиш ҳамда 50 та сервис ва модулларни яратиш;
г) давлат аудити ва молиявий назорати органлари ходимларининг сунъий интеллект, рақамлаштириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини янада ошириш.
2027 йилдан бошлаб Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити фаолиятида қуйидагилар жорий этилади:
а) давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилаётган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш бўйича сунъий интеллект тизимларини қўллаш аудити;
б) Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этилган маълумотлар (ҳужжатлар), рақамли технологиялар, электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда ахборот тизимларига масофавий кириш орқали ўтказиладиган масофавий ташқи аудит;
в) хавф (риск) таҳлилларига таянган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик аудити йўналишларида ахборот технологиялари аудитини ўтказиш.
Ҳисоб палатаси давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик аудити йўналишларида ахборот технологиялари аудитини ўтказишга масъул ваколатли орган этиб белгиланади.
2028 йил 1 сентябрдан бошлаб мувофиқлик аудитини сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириш жорий этилади.
2027 йил 1 июлга қадар:
а) "Масофавий аудит" ААТда юқори хавфли фаолият йўналишларини акс эттирувчи "Давлат органларининг хавф профили" модули жорий этилади ва унда давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет интизоми рейтинги юритилади. Бунда:
рейтинг натижалари ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситалари ва ҳисоб палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади; рейтинги "қизил" деб баҳоланган ташкилотларни танлов асосида Ҳисоб палатаси назорат ишларининг йиллик дастурига киритиш амалиёти йўлга қўйилади;
б) давлат ривожлантириш дастурлари доирасида:
объектнинг қурилиш ишлари бошланиб, ўз вақтида тугалланмаган ёки тўхтаб қолганлиги сабаблари ва муаммолари таҳлил қилинади;
қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилган объектлар самарадорлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини амалга оширувчи мутахассислар учун электрон ўқув курслари жорий этилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб давлат аудити ва молиявий назорати органлари раҳбарларининг буюртмалари асосида уларнинг мутахассисларини Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Давлат аудити олий мактаби базасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ишончлилиги, хавфсизлиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш мавзусида доимий равишда ўқитиш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйилади.
ЎзА