Кам таъминланган оилага уй совға қилинди
“Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, беморларни даволаш ва ёрдамга муҳтож инсонларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва турар жойга эҳтиёжи бўлган фуқароларга тўлиқ жиҳозланган уйлар қуриб бериш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида Қораўзак тумани Бердақ овули фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Жузимгул Ҳабибованинг ижтимоий аҳволи ва яшаш шароити жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганиш жараёнида оиланинг боқувчиси вафот этганлиги, фуқаро икки нафар вояга етмаган фарзанди билан оғир ижтимоий шароитда яшаётганлиги аниқланди. Шунингдек, яшаб келаётган уйнинг ҳолати ҳам атрофлича ўрганилиб, унинг пойдеворида жиддий носозликлар мавжудлиги, конструкциясида чўкиш ҳолатлари кузатилгани, деворларида катта ёриқлар пайдо бўлгани, эшик ва дераза конструкциялари эскириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келгани маълум бўлди.

Техник хулосага кўра, мазкур уйни таъмирлаш иқтисодий ва конструктив жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги, шунингдек, уй икки хонадонга туташ қурилгани сабабли уни бузиб, янгидан қуриш имконияти мавжуд эмаслиги, ушбу хонадоннинг яшаш учун яроқсиз ҳолатга келганлиги белгиланди. Оиланинг оғир ижтимоий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида Кегейли тумани “Жузимбағ” фуқаролар йиғини ҳудудидан барча қулайликларга эга бўлган янги икки хонали уй-жой сотиб олиниб, фуқаро Жузимгул Ҳабибовага тантанали равишда топширилди.
– Бундан ташқари, жорий йилда Тахиатош тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Меҳрибон Қошимбетованинг эски уйи тўлиқ бузилиб, ўрнига замонавий янги 4 хонали уй қуриб, фойдаланишга топширилди, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали раҳбари ўринбосари Исламбек Тажетдинов. – Элликқалъа тумани "Пахтачи" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Сарвинисо Худайбердиеванинг ёнғин оқибатида зарар кўрган турар жойини таъмирлаш ишлари якунланиб, хонадон ўз эгасига топширилди. Мазкур хайрия тадбирини амалга ошириш учун "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан 80 миллион сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, филиал томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи кам таъминланган, боқувчиси йўқ ва эҳтиёжманд 622 та оилага 164 миллион 320 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти, 63 та оилага 12 миллион 820 минг сўмлик қурбонлик гўшти, 1 минг 855 та оилага 119 миллион 783 минг 440 сўмлик болалар кийими ва ўйинчоқлар, 6 та оилага даволаниш ва дори-дармон учун 18 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири