Бюджет маблағларидан қандай фойдаланилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси йиғилишида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Маданият, Спорт вазирликлари ҳамда Туризм қўмитасининг Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш, бюджетдан ташқари маблағлар ижроси ҳамда ривожлантириш дастурлари мақсадли индикаторларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳисоботида қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мактабгача таълим соҳасида 700 та янги нодавлат боғча ташкил этилди. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион 75,9 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бу эса мактабгача таълим билан қамров даражасини 78 фоизда сақлаб қолиш имконини берган.
Умумий ўрта таълим тизимида хорижий тил ўқитувчиларининг 76,4 фоизи миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлди. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 226 нафар битирувчиси дунёнинг ТОП-300 олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Шунингдек, нодавлат мактаблар сони 786 тага, уларда таҳсил олаётган ўқувчилар сони эса 181,6 минг нафарга етди.
Ҳисобот даврида мактаблар учун 89,3 миллион нусха янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини чоп этиш ҳамда етказиб бериш учун 1,9 триллион сўм ажратилди. Биринчи синф ўқувчилари учун 802 мингта ўқув қуроллари тўпламини етказиб бериш ишлари давом этмоқда. Таълим сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган 1 500 нафар педагогни рағбатлантириш учун 120 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, 208 минг нафар педагог аттестациядан ўтказилди, 80,5 минг нафари малака ошириш курсларига жалб этилди, мактабларга 1 325 нафар хорижий мутахассис жалб қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2026 йил учун режалаштирилган 6,3 млрд. сўм бюджет маблағининг ярим йилликда 2,5 млрд сўми ўзлаштирилган. Шундан, 1,9 млрд сўм олий таълимни ривожлантиришга йўналтирилган. Талабалар турар жойлари билан таъминланганлик даражаси 58 фоизга етказилди, талабалар турар жойлари сиғими 159 мингдан ортиқ ўринга оширилди. Илм-фан ва инновациялар соҳасида 441,8 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. Илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар сони 20,7 минг нафарга етди, давлат илмий дастурлари доирасида фундаментал тадқиқотлар бўйича халқаро ҳамкорлик тўлиқ таъминланди.
Маданият вазирлиги тизими учун биринчи ярим йилликда республика бюджетидан 854,9 миллиард сўм ажратилиб, маблағларнинг 95 фоизи ўзлаштирилган. Жумладан, Кинематография агентлигига ажратилган маблағлар қарийб тўлиқ ўзлаштирилган. Маданият марказлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маданият объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Спорт вазирлиги ҳисоботида қайд этилганидек, олимпия спорт турлари бўйича 9 та, паралимпия спорт турлари бўйича 222 та медаль қўлга киритилган. Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро турнирларда мамлакатимиз спортчилари жами 664 та медалга сазовор бўлган. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 9 минг 8 та маҳаллага спорт инвентарлари етказиб берилган. Оммавий спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшлар сони 3,6 миллион нафардан, футбол билан шуғулланувчилар сони эса 30 минг нафардан ошган.
Туризм қўмитаси ҳисоботида бюджет маблағларининг сарфланиши, жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси таҳлил қилинди. Қайд этилишича, биринчи ярим йилликда даромадлар прогнози 90,6 фоизга, харажатлар ижроси эса 81,6 фоизга таъминланган.
Муҳокамаларда бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланиш, бажарилмаган ёки қисман бажарилган индикаторлар бўйича чуқур таҳлил ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА