Нукусда “Биз –донормиз” хайрия акцияси ўтказилди
“Юксалиш” ҳаракати томонидан Республика қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда жорий йил 15-30 май кунлари бутун республика бўйлаб “Биз – донормиз” хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур хайрия акцияси Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида ҳам бўлиб ўтди. Унда олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари, Миллий гвардия ходимлари, ёшлар ҳамда фаол фуқаролар иштирок этди.

Акцияда давомида топширилган донорлик қони ҳар куни мураккаб вазиятларга тушган инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган беморлар, автоҳалокатларда жабрланганлар, онкологик касалликлар билан оғриганлар ва қон қуйишни талаб қиладиган бошқа кўплаб ташхислари бор одамлар шулар жумласидандир.

Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш касалхоналар ва тиббиёт марказларида қоннинг етарли даражада таъминланишига ёрдам беради. Бу айниқса, фавқулодда вазиятлар ва режалаштирилган жарроҳлик амалиётлари учун муҳимдир. Энг асосийси қон топшириш орқали кўплаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.