Адлия вазири ёшлар билан учрашди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурад Турсуновнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви жараёнларига кенг жалб этиш масалаларининг долзарблигини алоҳида таъкидладилар. Шу билан бирга, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш бугунги ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Мулоқот жараёнида ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг илм-фан, инновация ва касбий ривожланишдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, талаба-ёшларнинг таълим жараёни, ижтимоий шароитлари ва келажак режалари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш юзасидан тавсиялар берилди.

Тадбир якунида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган фильм намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.