Буюк давлатлар дунёни бошқара олмаяптими?
Россия ва АҚШ йирик давлатлар ҳукмронлигига асосланган дунё тартибини яратишга ҳаракат қилди, аммо Украина ва Эрон атрофидаги можаро бундай услубнинг имконияти чегараланганини кўрсатди, дейилган “The New York Times” нашри таҳлилчиларга таяниб эълон қилган мақолада.
Таъкидланишича, Украина ва Эрон куч мувозанатини ўзгартириб, АҚШ ва Россиянинг “буюк давлатлар дунёси”ни қуришга уринишига путур етказмоқда.
Мутахассислар фикрича, Москва ва Вашингтон рақиб раҳбариятини тез босим ўтказиш орқали таслим қилишга уринган. Бинобарин, Украина ва Эрон ўз давлат институтлари барқарорлигини сақлаб қолиб, қаршиликни давом эттиришга муваффақ бўлди. Бундай рақобат кучли томонлар учун қимматга тушди.
Масалан, Оқ уй собиқ маслаҳатчиси Фиона Хилл ҳар икки ҳолатда заифроқ давлат кучли харифини чарчатувчи можарога тортганига урғу берган. Шу тариқа осон ғалаба орзуси йўққа чиққан. Таҳлилчилар на ҳаво кампаниялари, на босим ҳал қилувчи омил бўлмаганига ҳам эътибор қаратган.
Украина дрон технологияси орқали қаршилик кўрсатишда давом этяпти, АҚШ эса Эронга бевосита ер усти аралашувидан қочди. Устига-устак, томонлар муросага келишни истамаслиги ҳам можарони узайтирмоқда. Натижада, Хилл таъкидлаганидек, на Россия, на Қўшма Штатлар дастлаб кўзлаган мақсадига эриша олмади.
Муаллиф фикрича, узоқ давом этадиган инқироз йирик давлатларнинг таъсирини аста-секин заифлаштириб, ҳукмронлик энди мутлақ қабул қилинмайдиган, марказлашмаган халқаро тизим пайдо бўлишини тезлаштириши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА