Бухоро вилоятида 23 минг 740 нафар ўқувчи мактабни тамомлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбири “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида ташкил этилди.
Байрамона руҳдаги тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари битирувчиларига йўллаган табриги тантанали равишда ўқиб эшиттирилди.
Тадбир давомида битирувчиларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг келгусидаги ҳаёт йўлларида улкан муваффақиятлар тиланди. Ёш авлоднинг билимли, маънавий етук ва ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Мазкур таълим муассасасини жорий ўқув йилида 28 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 5 нафари муддатидан аввал талабалик бахтига муяссар бўлди.
[gallery-29631]
Таъкидлаш жоиз, вилоятда “Сўнгги қўнғироқ” садолари янграган ушбу унутилмас ва ҳаяжонли кунда 549 та умумтаълим мактабининг 23 минг 740 нафар 11-синф битирувчиси қадрдон мактаби, устозлари ва синфдошлари билан хайрлашди. Уларнинг қалбида катта орзу-мақсадлар, Ватанга садоқат ва келажакка ишонч мужассам.
Қувонарлиси, вилоят бўйича 426 нафар битирувчи мактабни олтин медаль, 127 нафари эса кумуш медаль билан якунлади. Бу эса таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, устозларнинг фидокорона меҳнати ҳамда ёшларнинг билим олишга бўлган интилишлари самарасидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА