Сувсиз қолган сардоба: тарихий обида тақдири кимни ўйлантирмоқда?
Қадимий обидалар – ўтмишдан қолган оддий иншоотлар эмас. Улар халқнинг тарихи, турмуш тарзи, бунёдкорлик салоҳияти ва аждодлар тафаккуридан сўзлайдиган ноёб меросдир. Шу боис уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга безавол етказиш нафақат тегишли ташкилотлар, балки барчамизнинг бурчимиздир. Бироқ Қашқадарё вилояти Касби туманидаги тарихий сардобанинг бугунги ҳолати ана шу масъулият ҳақида жиддий ўйлашга ундайди. Маҳаллий аҳоли мурожаатига кўра, бир вақтлар сувга тўла бўлган қадимий иншоот икки йилдан буён сувсиз. Туби чиқиндиларга тўлган, атрофини эса бегона ўтлар қоплаган. Энг муҳими, оқсоқоллар сувсизлик оқибатида тарихий обиданинг деворлари емирилиб кетишидан хавотирда.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида Касби маҳалласига бордик.
Касби маҳалласи узоқ тарихга эга ҳудудлардан бири. Бу ерда қадимий Касби қўрғони, Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи ва унинг яқинида бир нечта сардоба жойлашган.
Сардоба – сув танқис бўлган чўл ва саҳро ҳудудларида ёмғир, қор ҳамда бошқа манбалардан келадиган сувни тўплаш ва йил давомида салқин ҳолда сақлаш учун қурилган гумбазли гидротехник иншоот. Форсча «сард» – совуқ, «об» – сув сўзларидан келиб чиққан ушбу атама ҳам унинг асосий вазифасини ифодалайди.
Тарихий маълумотларга кўра, бу ҳудуддан қадимда Буюк ипак йўлининг тармоқларидан бири ўтган. Савдо карвонлари ҳаракати туфайли бу ерда қўрғон, карвонсаройлар ва бозорлар шаклланган. Сув танқис шароитда эса сардобалар карвонлар ҳамда маҳаллий аҳоли учун муҳим сув манбаи вазифасини бажарган.
Бугун эса ўша иншоотлардан бири сувсиз, қаровсиз ҳолатда турибди.
Сардобанинг тубига назар ташласангиз, сув ўрнини маиший чиқиндилар эгаллаганини кўрасиз. Атрофидаги бегона ўтлар ҳам иншоотга етарлича эътибор қаратилмаётганидан дарак беради. Ҳолбуки, яқин атрофдаги Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳига келувчилар оз эмас.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Фармон Арабов билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, сардобанинг суви икки йилдан буён қуриб қолган. Бу эса унинг келажаги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
[gallery-32738]
– Эскидан бу ерда Буюк ипак йўлининг бир тармоғи сифатида савдо йўли ўтган. Натижада Касби қўрғони, карвонсаройлар қурилган. Лекин сув танқис бўлган. Сув сақлаш мақсадида мана шундай сардобалар бунёд этилган. Қачон қурилганини биз ҳам аниқ билмаймиз. Яқинда Мисрдан шунга ўхшаш тарихий обидаларни ўрганиб юрадиган бир олим йигит келди. У ғиштларини таҳлил қилиб, сардоба Қорахонийлар даврида қурилган бўлиши мумкинлигини айтди. Ота-боболаримиз эса Абдуллахон II даврида бунёд этилганини айтиб келишади, – дейди Фармон Арабов.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, илгари сардобадаги сувни насослар ёрдамида чиқаришга ҳам уринишган. Аммо бунинг уддасидан чиқиш қийин бўлган. Ҳозир эса вазият бутунлай ўзгарган.
– Табиатда ўзгаришлар бўлдими ёки ер ости сувлари сатҳи тушиб кетдими, билмаймиз. Қишлоғимиз атрофидаги зовурларда ҳам сув қолмади. Сардобанинг суви ҳам икки йилдан буён қуриб ётибди. Энг ёмони, сувсиз турса, сардобанинг деворлари нурайди, ғиштлари уваланиб кетади. Хавотиримиз шундан. Сунъий равишда бўлса ҳам сув ташлаб туриш керак, деб ҳисоблаймиз. Шунда бу тарихий иншоотни келажак авлодга етказиш мумкин бўлади. Бу ҳақдаги мурожаатларимиз ҳозирча ечимини топгани йўқ, – дейди у.
Дарҳақиқат, бу ерда бир неча савол туғилади: сардоба нима сабабдан сувсиз қолди? Унинг сув тўплаш тизими нима учун ишламай қўйди? Энг муҳими, тарихий иншоотни сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўрилиши керак?
Масала юзасидан Касби маҳалласи раиси Абдуғаффор Элдоров билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, 2027 йилда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича давлат дастури доирасида 7 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа доирасида зиёратгоҳ ва сардобаларни ҳам таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш кўзда тутилган.
– 2027 йил давлат дастури бўйича маҳалламиз инфратузилмасини яхшилаш дастурига киритиляпти. Ушбу ишлар учун 7 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Мана шу ишлар доирасида зиёратгоҳ ва сардобалар ҳам қайта таъмирланиб, ҳудуд обод масканга айлантирилади. Артезиан қудуғи ҳам қазилиб, сув чиқариш режалаштирилган. Ҳозир лойиҳа тайёрланяпти. Насиб қилса, тасдиқланиб, ишлар бошланади, – дейди Абдуғаффор Элдоров.
Бироқ маҳалла раиси билан суҳбатда яна бир масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Сардоба атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, чиқиндиларни олиб чиқиш, бегона ўтлардан халос этиш учун ҳам катта маблағ талаб этилмайди. Нега бу ишлар ҳозиргача амалга оширилмаган?
Раиснинг изоҳлашича, ҳудуд маҳалла тасарруфида бўлса-да, тарихий обидалар Маданий мерос агентлиги назоратида. Шу боис уларни таъмирлаш ёки обида ҳудудига аралашиш учун тегишли рухсат олиш талаб этилади. Маҳалла томонидан ҳудудга қараш учун масъул ҳам бириктирилган.
Шу ўринда савол туғилади: тарихий обидага зарар етказмаслик талаби унинг атрофини тозалаш, чиқиндилардан халос этиш ва сақлаш чораларини кўришга ҳам тўсқинлик қилиши керакми? Аслида, бундай масалаларда маҳалла ва маданий мерос идоралари ҳамкорлиги йўлга қўйилиши лозим эмасми?
Сардобанинг бугунги ҳолати, сувсиз қолиш сабаблари ва уни сақлаб қолиш имкониятлари юзасидан вилоят Маданий мерос бошқармаси раҳбари Обиджон Ҳамидов билан ҳам боғландик.
Унинг маълум қилишича, мазкур сардоба 2018 йилда Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи реконструкция қилинган вақтда таъмирланган. Бошқарма раҳбари иншоотнинг умумий ҳолатини яхши, деб баҳолади. Бироқ сардобага сув қуйиш масаласида эҳтиёткор бўлиш лозимлигини таъкидлади.
– Аслида, бу сардоба ёмғир ва қор сувлари келиб тўпланадиган иншоот бўлган. Атрофидаги тепаликлар суриб ташланиб, ҳудуд рельефи ўзгартирилганидан кейин оқова сувлар сардобага тушмай қолган. Ёнидан қудуқ қазиб, сув ташлаш эса обида деворларининг емирилишини янада тезлаштириши мумкин. Чунки бу жойдаги ер ости сувларининг шўрланиш даражаси юқори. Шунинг учун сардобага фақат чучук сув етказиб бериш керак. Акс ҳолда, иншоотга зарар етиши эҳтимоли бор. Бу масала бўйича маҳаллий ҳокимият огоҳлантирилган, – дейди Обиджон Ҳамидов.
Демак, сардобанинг сувсиз қолишида ҳудуд рельефининг ўзгариши муҳим омил бўлган. Илгари атрофдаги тепаликлардан оқиб келган ёмғир ва қор сувлари иншоотда тўпланган бўлса, ҳозир бу табиий жараён издан чиққан.
Хўш, унинг ечими борми?
Обиджон Ҳамидовнинг таъкидлашича, сардобани сув билан таъминлаш имконияти мавжуд. Бунинг учун иккита муқобил ечим кўриб чиқилиши мумкин. Биринчиси – иншоотга чучук сув етказиб бериш учун махсус қувур тармоғи тортиш. Иккинчиси – ёмғир ва қор сувларини йиғиш, тиндириш ҳамда махсус қувур орқали сардобага етказиш тизимини барпо этиш.
Бироқ ҳар икки вариант ҳам муайян маблағ ва муҳандислик ишларини талаб қилади. Айниқса, сувнинг сифати, унинг оқиб келиш тартиби ва тарихий иншоот деворларига таъсири олдиндан ҳисоб-китоб қилиниши зарур. Чунки нотўғри танланган сув манбаи ёки усули сардобани асраш ўрнига унинг емирилишини тезлаштириши мумкин.
Шу боис масалага фақат сув қуйиш нуқтаи назаридан эмас, балки тарихий иншоотнинг дастлабки вазифаси ва меъморий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёндашиш лозим.
Маҳалла раиси 2027 йилдаги давлат дастури доирасида ҳудудни ободонлаштириш ва сардобани таъмирлаш режалаштирилаётганини айтмоқда. Бироқ бу жараёнда айнан сув тўплаш тизимини тиклаш учун қанча маблағ ажратилиши, қайси вариант танланиши ва ишлар қачон бошланиши ҳозирча аниқ эмас.
Бу эса яна бир қатор саволларни кун тартибига чиқаради. Сардобанинг аввалги сув тўплаш тизимини тиклаш имкониятлари ўрганилганми? Ҳудуд рельефи ўзгартирилишига сабаб бўлган ишлар қачон ва ким томонидан амалга оширилган? Ушбу ўзгаришларнинг тарихий иншоотга таъсири баҳоланганми? Энг муҳими, 2027 йилги лойиҳада сардобани сув билан таъминлаш масаласи ҳам тўлиқ ҳал этиладими?
Бизнингча, бу саволларга тегишли ташкилотлар аниқ жавоб бериши, лойиҳада эса фақат ташқи таъмирлаш ва ободонлаштириш эмас, балки иншоотнинг узоқ муддат сақланишини таъминлайдиган муҳандислик ечимлари ҳам назарда тутилиши зарур.
Зеро, тарихий обидани асраш деганда фақат унинг деворларини таъмирлаш ёки атрофини обод қилишни тушунмаслик керак. Энг аввало, унинг нима сабабдан асл вазифасини йўқотаётганини аниқлаш, бу ҳолатни бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш лозим.
Бугун Касбидаги сардобани сақлаб қолиш учун ечимлар бор. Аммо бу ечимлар маблағ, пухта лойиҳа ва масъул идораларнинг ҳамжиҳат ҳаракатини талаб этади. Маҳалла оқсоқолларининг хавотири ҳам бежиз эмас: улар аждодлардан қолган тарихий мероснинг эртага фақат хотираларда яшаб қолишини истамайди.
Тарихий обидани асраш эса унинг деворлари нурашини кутиб ўтиришдан эмас, бугундан бошланиши керак.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари