Бухоро даштида писта плантациялари барпо этилади
Бугун юртимизда бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш, табиий ресурсларни иқтисодий тараққиёт омилига айлантириш ва қишлоқ хўжалигида юқори даромадли тармоқларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан илгари самарасиз ёки фойдаланилмай келган ер майдонларини иқтисодий айланмага киритиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш борасида янги ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ана шундай истиқболли йўналишлардан бири — мамлакатимизда йирик писта плантацияларини барпо этишдир. Мазкур ташаббус доирасида писта етиштириш бўйича 50 йиллик амалий тажрибага эга Эрон Ислом Республикаси мутахассислари иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида истиқболли ер майдонларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қоровулбозор туманларида, шунингдек, вилоятнинг бошқа ҳудудларида писта плантацияларини ташкил этиш имкониятлари атрофлича ўрганилди. Ушбу ўрганиш жараёнларида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев, Қоровулбозор тумани ҳокими Ўткир Ҳамроев ҳамда Эрондан ташриф буюрган тажрибали мутахассислар иштирок этишди.
Мутахассислар эътиборини, аввало, фойдаланилмай турган чўл-дала ҳудудлари тортди. Ерларнинг тупроқ таркиби, унумдорлик даражаси, мавжуд сув манбалари, иқлим шароити ва агротехник имкониятлар таҳлил қилиниб, ушбу майдонларда писта етиштиришнинг истиқболлари баҳоланди. Бу жараён оддий ер ўрганиш эмас, балки табиат ва иқтисодиёт уйғунлигини таъминлайдиган катта лойиҳанинг дастлабки қадами сифатида аҳамиятлидир.
Писта — қурғоқчил ва иссиқ иқлим шароитига нисбатан чидамли, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини берувчи, узоқ муддатли ва юқори иқтисодий самарадорликка эга экинлардан бири. Айниқса, Бухоро вилоятининг иқлим шароити ва кенг чўл-дала ҳудудлари ушбу тармоқни ривожлантириш учун катта имкониятларни тақдим этади. Илгари қишлоқ хўжалиги айланмасидан ташқарида бўлган ерларни босқичма-босқич ўзлаштириш орқали нафақат янги маҳсулот етиштириш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш мумкин. Энг муҳими, писта етиштириш ички бозор эҳтиёжини қондириш билан чекланиб қолмай, юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имконини ҳам беради. Шу маънода, бугун чўлда кўзга ташланмай турган ҳар бир гектар ер эртанги кунда яшил боғ, даромад манбаи ва экспорт салоҳиятига айланиши мумкин.
Писта плантацияларини ташкил этишда ерни шунчаки дарахтзорга айлантириш эмас, балки ҳар бир ҳудуднинг табиий имкониятларини чуқур ўрганиш муҳим. Шу боис ўрганиш натижалари асосида истиқболли майдонларни аниқлаш, уларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари ва сув таъминотини инобатга олган ҳолда писта етиштириш бўйича илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Эронлик мутахассисларнинг кўп йиллик тажрибаси эса мазкур жараёнда муҳим амалий кўмак бўлиб хизмат қилади. Чунки писта етиштиришда нав танлаш, кўчатларни жойлаштириш, сувдан самарали фойдаланиш, парваришлаш ва ҳосилдорликни ошириш каби омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Лойиҳанинг фойдали жиҳатлари фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланмайди. Писта плантацияларининг кенгайиши кўчатчилик, агротехника, қайта ишлаш, қадоқлаш, логистика ва экспорт хизматларини ҳам ривожлантириши мумкин.
Бу эса бир-бири билан узвий боғлиқ янги иқтисодий занжирни шакллантиради: ер — кўчат — боғ — ҳосил — қайта ишлаш — экспорт. Келгусида писта етиштириш учун қулай бўлган бошқа ҳудудларда ҳам ушбу тажрибани жорий этиш режалаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, писта плантацияларини барпо этиш ташаббуси — фойдаланилмаётган ерларни обод қилишдан ҳам кўра кенгроқ маънога эга. Бу — чўл ва даштларни иқтисодий фаол ҳудудларга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида янги даромад манбаларини шакллантириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик қадамдир.
Бугун тупроққа қадаладиган писта кўчати эртага нафақат ҳосил, балки янги иш ўрни, янги даромад, янги экспорт имконияти ва Бухоро даштидаги янги яшил манзара бўлиб бўй кўрсатиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири