Бир хонадондан — бир тонна асал
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон туманидаги Садда таги маҳалласи аҳли Мирзолим ота Исмоиловни моҳир асаларичи сифатида яхши билади. Қарийб 30 йилдан буён шу соҳа билан шуғулланиб келаётган миришкор йиллар давомида асаларичиликнинг нозик жиҳатларини пухта эгаллаб, уни оилавий касб ва даромад манбаига айлантирган.
Айни пайтда хонадонда 100 та асалари оиласи парваришланмоқда. Жорий йилда фаолиятни кенгайтириш мақсадида Мирзолим отага 50 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобига асалари оилалари сони кўпайтирилган.
[gallery-31075]
— Асалари ҳам худди болангиздек бўлиб қолади. Асосийси, унга меҳр ва эътибор билан қараш керак. Ҳар бир оиланинг парваришини ўз вақтида амалга ошириш муҳим. Икки ўғлим ҳам доимо ёнимда, бу ишларга менга кўмаклашади, - дейди Мирзолим ота.
Меҳнат самараси ҳам баралла кўзга ташланмоқда. Эрта баҳордан буён икки марта ҳосил олиниб, ҳар сафар 500 килограммдан, жами 1 тонна асал жамғарилган.
Асаларичиликда ҳар бир мавсумнинг ўзига хос юмушлари бор. Эрта куздан баҳоргача бўлган даврда асалари оилаларини қишловга тайёрлаш, озиқлантириш ва совуқдан асрашга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда ҳар бир асалари оиласига ўртача 5 килограммдан шакар берилади.
Айни кунларда хонадоннинг 4 сотихлик томорқасида қишловга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ҳудуднинг 2 сотих қисмида жойлашган асалари қутилари мунтазам назорат қилиниб, асал олишдан кейинги парвариш ва қиш мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мирзолим ота Исмоиловнинг қарийб 30 йиллик тажрибаси асаларичиликни оилавий тадбиркорлик сифатида йўлга қўйиш, томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш ва барқарор даромад олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА