Қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини ўрганиш бўйича меморандум имзоланди
Сўнгги йилларда юртимиз энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергияни сақлаш тизимларини жорий этиш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада халқаро энергетика компаниялари билан янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Тошкентда Саудия Арабистонининг “Acwa” компанияси Жанубий Кореянинг “Korea Western Power Co., Ltd.” (KOWEPO) компанияси билан Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергия бозори имкониятларини баҳолаш бўйича англашув меморандумини имзолади. Мазкур келишув мамлакат энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Келишувга кўра, томонлар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергияни сақлаш тизимлари ва улар билан боғлиқ инфратузилма бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини биргаликда баҳолайди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳаларга Корея молиявий манбаларини жалб этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Маросимда иштирок этган “Acwa” компаниясининг Марказий Осиё бўйича президенти Абид Малик мазкур келишув компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
– Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон энергетика соҳасига нисбатан халқаро ишонч ортиб бораётганини акс эттиради ҳамда ҚТЭМ ва тегишли инфратузилма соҳасидаги имкониятларни ўрганиш учун платформа яратади. Шунингдек, биз Корея молия институтларини жалб қилиш ва Ўзбекистонда давом этаётган энергетик трансформацияни қўллаб-қувватлаш йўлида биргаликда ишлашдан умидвормиз, – деди Абид Малик.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати эса Ўзбекистоннинг Жанубий Кореянинг энергетик трансформация соҳасидаги тажрибасидан фойдаланиш имкониятидир. “KOWEPO” Кореяда “яшил” энергетикага ўтиш жараёнида иштирок этиб, қазилма ёқилғилардан қайта тикланувчи энергия манбаларига босқичма-босқич ўтиш бўйича амалий тажриба тўплаган.
Шу боис “KOWEPO” бош директори Ли Жун Бок меморандумни Ўзбекистоннинг ҚТЭМ бозори имкониятларини ўрганиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
– Биз ҳамкорлик истиқболларини баҳолаб, ўзимизнинг кучли жиҳатларимиз ва тажрибамизни қўллашдан умидвормиз. Яқин Шарқда орттирилган бизнес тажрибаси ҳамда дунёга машҳур компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларига таяниб, биз янги ривожланиш имкониятларини излашда давом этамиз, – деди у.
“KOWEPO”нинг бу борадаги тажрибаси нафақат Кореяда, балки Яқин Шарқда амалга ошираётган лойиҳаларида ҳам намоён бўлмоқда. Айни пайтда компания мазкур минтақада тўртта энергетика лойиҳасини амалга оширмоқда. Уларда 3,5 ГВт қувватга эга қайта тикланувчи энергия объектлари ва 877 МВтлик буғ-газ қурилмаларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш ишлари олиб борилмоқда.
Компания ушбу тажрибасини Ўзбекистон ва Марказий Осиёда янги лойиҳаларни излашда ҳам қўллашни режалаштирмоқда. Бу жараёнда “KOWEPO Яқин Шарқда орттирган бизнес тажрибасини “Acwa”нинг минтақадаги имкониятлари билан бирлаштириш ниятида.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА