Бувайдага Хитой инвестицияси кириб келмоқда
Фарғона вилояти Бувайда туманида электр тармоқлари барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида трансформатор пунктлари яшил, сариқ ва қизил тоифалар кесимида хатловдан ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Бувайда тумани ҳокими Беҳзоджон Ибрагимов Инғирчоқ маҳалласидаги 419-160 кВА ҳамда 895-160 кВА трансформатор пунктларида бўлиб, қизил тоифага киритилган объектларда олиб борилаётган таъмирлаш ва тайёргарлик ишлари билан танишди.
Ўрганиш давомида куз-қиш мавсумида электр тармоқларининг барқарор ишлаши, авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аҳолини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Ҳа, энди президент топшириғини бажаради-да, туман ҳокими, дерсиз.
Аслида ҳам шундай. Аммо Беҳзоджон Иброҳимов давлат бошқарувидаги яратилган имкониятдан унумли фойдаланмоқда. Илгари шаҳар-туман ҳокими туриб турсин, вилоят раҳбари ҳам “юқори”нинг изнисиз бирон хорижий мамлакат вакили билан музокара қила олмас эди. Энди-чи?

Бувайда тумани ҳокими Беҳзоджон Ибрагимов Хитойнинг Xinjiang Xinfianjie Technology Co., Ltd. компанияси вакиллари билан учрашди. Унда туманда қуёш электр станциялари, замонавий қуёш панеллари, яшил энергия технологияларини жорий этиш ҳамда электр қуввати ишлаб чиқариш бўйича сармоя лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни ҳудудга жалб этиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Мазкур учрашув Бувайда туманида яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Шундай қилиб, яқин вақт ичида Хитойлик мутахассислар Бувайдада электр энергияси ва уни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш жиҳозлари корхонасини инвестиция асосида бунёд этиши кутиляпти.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири