Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси гид-таржимонлари ўқитилди
Шу йилнинг 10-30 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III Парашахмат олимпиадаси ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) нинг 97-конгресси ўтказилади.
Ушбу тадбирларда 200 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан кўпроқ меҳмон, халқаро ташкилотлар вакиллари, жаҳон шахмати юлдузлари қатнашиши кутилмоқда. Айни пайтда Самарқандда меҳмонларни кутиб олиш, мусобақаларни ва конгрессни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича штаб томонидан Самарқанд вилоят туризм бошқармаси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети билан ҳамкорликда гидлар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда гидларнинг касбий кўникмаларини ошириш, Самарқанднинг тарихий-маданий мероси ва диққатга сазовор жойлари ҳақида меҳмонларга батафсил ва тўғри маълумот бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туристлар билан ишлаш, экскурсия хизматларини ташкил этиш ва меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Ўқув давомида тадбирлар ўтказиладиган манзиллар, Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзали, меҳмонхоналар, саёҳат объектлари, ресторан ва ошхоналар ҳамда бошқа жойларда меҳмонлар учун зарур маълумотларни жойлаштириш, гид-экскурсовод хизматларини кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири