Булоқбоши тажрибаси: юқори самара ва даромад манбаи
Узум – нафақат замин инъоми, балки инсоният тарихи, маданияти ва меҳнатининг тирик тимсолидир. Асрлар давомида ток новдалари ҳаёт, барака ва фаровонлик рамзи бўлиб келган. Қуёш нурларини ўз бағрига сингдириб, замин шарбатидан куч олган ҳар бир узум донасида деҳқоннинг машаққатли меҳнати ва табиатнинг мўъжизаси мужассам. Бугунги кунда узум етиштириш шунчаки қишлоқ хўжалиги тармоғи эмас, балки сабр, илм ва юксак дид талаб этадиган ҳақиқий санъат турига айланди.
Жумладан, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш борасида кейинги йилларда эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Айниқса, аҳоли хонадонларида узум етиштиришнинг ўзига хос илғор тажрибаси шаклланган.
Хусусан, туманнинг Учкўча, Буюк турон, Қумгузар, Мирзакалон Исмоилий, Фаровон, Хонтепа, Гулистон, Боймаҳалла, Юксалиш, Шохгузар ва Дўлана маҳаллалари айнан узумчиликка ихтисослаштирилган. Яъни ана шу маҳаллалардаги 323 гектар аҳоли томорқасида 4 минг тоннадан ортиқ узум етиштирилмоқда.
Тумандаги аҳоли хонадонлари, фермер хўжаликларида етиштирилаётган узумлар нафақат ички бозорни тўлдирмоқда, балки экспортёр корхоналар орқали Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Белорусь ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.
[gallery-31308]
Узум етиштиришда янги имкониятларни излаш, илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш орқали соҳа йилдан-йилга ривожланмоқда. Жумладан, туманда узумчиликка ихтисослашган маҳаллалар кўчаларига сўритоклар қилиш тажрибаси кенг жорий этилган. “Андижон тажрибаси” сифатида бошланган ушбу жараён оммалашмоқда.
Масалан, 2021-2022 йилларда тумандаги 21 та маҳалладаги 982 та хонадонга 6,8 миллиард сўм кредит эвазига 26 километр узунликдаги узум ишкомлари барпо этилиб, янги кўчатлар ўтказилди. Ушбу тажриба 2023-2025 йилларда ҳам давом этди. Бугунги кунга келиб, тумандаги маҳаллаларнинг 50 дан ортиқ ёки 18 мингдан ортиқ хонадон кўчаларига 40 километрдан зиёд узунликда сўритоклар қилинди.
Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 161 нафар фуқарога узум сўриток қилиш учун 3,8 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Узумчиликка ихтисослашган маҳаллалардаги хонадонларнинг ҳар бирида узумдан йилига 1 тоннадан 10 тоннагача ҳосил етиштирилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир хонадон узум етиштириш орқали йилига ўртача 10-30 миллион сўм даромад олади.
– Маҳалламиздаги 505 та хонадонда 720 та оилада 2 минг 385 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Мирзакалон Исмоилий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саидахон Мирзаева. – Шундан 325 та хонадонда узум етиштирилади. Узум етиштиришнинг ҳадисини олган миришкор боғбонларимиз жуда кўп. Бир хонадондан йилига 1 тоннадан 10 тоннагача ҳосил олинади. Бунинг ортидан маҳалла аҳолисининг даромади ортмоқда, турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда. Маҳалланинг Ойбулоқ кўчасида яшовчи Ҳусанбой Раҳмонов хонадонида “Келин бармоқ”, “Хусайни”, “Андижон қора”, “Қора кишмиш” навли 20 тупдан ортиқ узум парвариш қилиниб, йилига 4 тоннадан ортиқ ҳосил олинади. Узумлар ғарқ пишган бугунги кунда маҳалла кўчалари, хонадонлардаги ишкомларда товланиб турган узумларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Миришкор боғбонларга беихтиёр тасанно айтади.
– Хонадонимиздаги ва кўчамизга қилинган сўритокда узумнинг “Андижон қора”, “Оқ хусайни”, “Тоифи”, “Кетмон сопи” навларини парвариш қиламан, – дейди Ойбулоқ кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Бушариф Ҳусанов. – Албатта, узим етиштиришнинг ўзига хос машаққатлари бор. Ўз вақтида хомток қилиш, дорилаш, ерга озуқа бериш муҳим. Ҳар бир тадбир ўз вақтида, сифатли бажарилмаса, узумдан яхши ва сифатли ҳосил олиш мушкул. Йилига 20-30 миллион сўм даромад қиламиз. Албатта, бу оиламиз бюджетига қўшимча даромад. Меҳнат ортидан келган даромад эса баракали бўлади. Ана шу даромад турмушимизга барака киритяпти, фарзандларимизни ўқитяпмиз, тўйлар қиляпмиз, янги уйлар соляпмиз.
Мазкур маҳаллада яшовчи Козимжон Мусаев, Лазизбек Холмирзаев, Абдулазиз Маматов, Улуғбек Маматалиев сингари уста боғбонлар ҳам узумдан яхшигина даромад олади. Қолаверса, улар кўплаб маҳалладошларига узумни хомток қилиш, турли касалликларга қарши дори сепиш ишларида зарур маслаҳат, тавсия ва кўмак берадиган тажрибали мутахассислардир.
– Маҳалламиз асосан, узумчиликка, шунингдек, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, сервиз хизматларига ихтисослашган, – дейди Мирзакалон Исмоилий маҳалласида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Мавлудахон Тоҳирова. – Айниқса, узумчилик билан шуғулланаётган фуқаролар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб, фуқароларимизга узумчиликни ривожлантириш, узум сўритоклар қилиш, музлаткич-омборхона қуриш учун кредит ажратилишига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Масалан, ўтган ойда Ойбулоқ кўчасида яшовчи Шоҳжахон Режабалиевга узум сўриток қилиш учун 25 миллион сўм кредит ажратиб берилди. Ажратилган кредит унга янада кўпроқ даромад топиш имконини беради. Мазкур маҳаллада яшовчи тадбиркор Абдувоҳид Исмоилов ўз хонадонида 5,5 тоннагача узимни сақлаш имконига эга музлаткичли омборхона барпо этган. Ушбу омборхонада сақланадиган узумлар қиш ойларида ҳам халқимиз дастурхонини сархил узумлар билан таъминлайди.
Туманнинг Учкўча маҳалласи, Пешқадам кўчасида яшовчи тадбиркор боғбон Ҳабибулло Назаров ўз уйида майиз тайёрлаш технологиясини жорий этган. Ўтган йили у 1,5 тонна маҳсулот тайёрлаб, Япония давлатига экспорт қилишга эришди. Ушбу технология даромад олишни 2,5 баробарга оширди.
Таъкидлаш жоизки, туманда узум, мева ва сабзавотларни сақлаш учун музлаткичли омборхоналар қуриш, уларни ишга тушириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар тумандаги 37 маҳаллада жами 2 минг тоннадан зиёд маҳсулот сақлаш мумкин бўлган 41 та музлаткичли омборхона қурилди.
Биргина шу йилнинг ўзида “Алоқа банк” томонидан 10 нафар тадбиркорга 100 миллион сўмдан ажратилган кредит ҳисобига бир минг тонналик музлаткичли мева-сабзавот сақлаш омборхонаси қурилиб, ишга туширилди.
Туманда узум етиштириш билан бир қаторда кўчат етиштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларида 200 минг тупдан ортиқ узумнинг “Андижон қора”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ”, “Кетмонсопи”, “Тойфи” сингари серҳосил навли кўчатлар етиштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, узум етиштиришдаги Булоқбоши тажрибаси амалда юқори самара бермоқда. Кўплаб булоқбошиликлар узум етиштириб, катта даромад олмоқда. Бунинг ортидан камбағаллик қисқармоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gSwXtm6PgpI" title="“Uzum yetishtirishda Buloqboshi tajribasi” buldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА