Божхона: ёш ходимларга эҳтиром кўрсатилди
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг ёш ходимлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида бошқарма раҳбари Б. Қутлимуратов Президентимизнинг қуйидаги: “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олганмиз”, – деган сўзларини келтирди.

Учрашув давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Божхона қўмитасининг буйруғи асосида бир қатор ходимларнинг фарзандларига республиканинг олий, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига давлат гранти асосида ажратилган алоҳида икки фоизлик квоталар ҳамда белгиланган қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш учун тавсияномалар топширилди.

Тадбир якунида бошқарма бошлиғининг буйруғига асосан бир гуруҳ ёш ходимларга офицерлар таркибининг махсус унвонлари тантанали равишда топширилди ҳамда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган ходимларга “Миннатдорчилик” эълон қилинди.

Учрашув самимий ва кўтаринки руҳда ўтиб, ёшларни Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш ҳамда юрт равнақи йўлида фаол ва ташаббускор бўлишга ундовчи муҳим мулоқот майдонига айланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири