Илмий ёндашув – юқори ҳосил гарови
Илм-фан, инновация ва амалий тажриба уйғунлиги қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришишнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда. Сирдарё вилоятида ташкил этилган амалий семинарлар ва дала учрашувлари ана шу тамойилнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган тадбирларда пахтачилик ва боғдорчиликда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, ҳар бир гектар ернинг унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда рақамли ечимларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб Оқолтин туманидаги "Бобур қишлоқ хўжалиги" кластери дала майдони ҳамда Мирзаобод туманидаги "Арслон ибн Раҳмон" фермер хўжалигида пахта парваришига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими раҳбар ва мутахассислари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, агрокластерлар раҳбарлари ҳамда юзлаб фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этишди.


Фермер хўжалигининг 37 гектар пахта майдонида "Шинжон" агротехнологияси асосида парваришланаётган ғўзанинг ривожланиш ҳолати кўздан кечирилди. Вегетация даврида бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, жумладан, суғориш, минерал озиқлантириш, культивация, чеканка, ҳосил элементларини сақлаб қолиш ҳамда ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Дала шароитида ҳар бир агротехник тадбирнинг ҳосилдорликка таъсири аниқ мисоллар орқали тушунтирилди.


Семинарнинг аҳамияти шундаки, назарий тавсиялар амалиёт билан уйғунлаштирилиб, фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа олимлари ва мутахассисларидан жавоблар олишди. Бу эса илмий ишланмаларни бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва агротехник тадбирларни ягона ёндашув асосида ташкил этишга хизмат қилади.

Вазир шу куннинг ўзида Мирзаобод ва Сайхунобод туманларидаги бир қатор қишлоқ хўжалиги объектларида бўлиб, жойлардаги ишлар билан танишди. Ҳар бир манзилда фермерлар, агрокластерлар раҳбарлари, агрономлар ва соҳа олимлари билан мулоқот қилиб, мавсумнинг энг долзарб вазифалари юзасидан амалий тавсиялар берди. Айниқса, сув танқислиги шароитида томчилатиб суғориш тизимларини кенгайтириш, минерал ўғитлардан илмий меъёрлар асосида фойдаланиш, рақамли мониторинг ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаси экани таъкидланди.

Мирзаобод туманидаги "Сирдарё-Агро Стар" МЧЖда ташкил этилган 25 гектарлик интенсив анор боғи замонавий боғдорчиликнинг амалий намунаси сифатида эътироф этилди. Бу ерда 3 минг 120 туп "Акко" ва "Wonderful" навли анор кўчатлари парваришланмоқда. Томчилатиб суғориш, рақамли мониторинг ва сунъий интеллект элементлари асосида бошқарилаётган боғда қатор ораларига эртапишар тарвуз экилиши ердан самарали фойдаланиш имкониятини янада кенгайтирган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушганидан кейин йилига 775 тонна экспортбоп анор етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда бу ерда 10 нафар доимий ва 30 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда.

Кейинги манзил "Мирзачўл Агроп Кластер" МЧЖ бўлди. Бу ерда ғалладан бўшаган 30 гектар майдонга такрорий экин сифатида пахта экилган. Умуман, Мирзаобод туманида жорий мавсумда 500 гектар ғалладан бўшаган ерга такрорий пахта жойлаштирилган. Мутахассислар фикрича, мазкур тажриба ер ресурсларидан йил давомида самарали фойдаланиш, қўшимча ҳосил етиштириш ва фермерлар даромадини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Сайхунобод туманидаги “Daxpolitex” МЧЖда пахтачиликда замонавий агротехнологияларни қўллаш натижалари таҳлил қилинди. Жорий йилда туманда 8 минг гектар майдонга ғўза экилган бўлиб, унинг 6 минг гектарида "Шинжон" агротехнологияси жорий этилган. Корхона тасарруфидаги 4 минг гектар пахта майдони тўлиқ томчилатиб суғориш тизими билан таъминланган. Учрашувда ғўзанинг вегетатив ўсишини меъёрлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши профилактика чораларини кучайтириш, минерал озиқлантиришни таҳлиллар асосида ташкил этиш ҳамда ҳосил элементларини сақлаб қолиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, вилоятда 200 гектар майдонда жут етиштирилаётгани, унинг 50 гектар “Daxpolitex” МЧЖ ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди. Мутасаддилар билан бўлган мулоқотда жутнинг тўқимачилик ва қайта ишлаш саноати учун муҳим хомашё экани, уни етиштириш, ҳажмини ошириш орқали маҳаллий саноатнинг хомашё базасини мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинди.


Вазир Сайхунобод туманидаги "Шукроналик мўъжизалари" фермер хўжалигида ҳам бўлиб, ғалладан бўшаган ерлардан унумли фойдаланиш тажрибаси билан танишди. Хўжаликда 50 гектар майдонда ғалла ўриб олингач, 30 гектарига мош, 15 гектарига Америка селекциясига мансуб юқори ҳосилли маккажўхори экилган. Жорий мавсумда ғалладан гектарига қарийб 100 центнер ҳосил олинган. Энди эса мошдан гектарига 2 тонна, маккажўхоридан эса 10 тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда.

Учрашувларда ҳар бир гектар ердан юқори иқтисодий самара олиш, такрорий экинлар майдонини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва рақамли технологияларни аграр тармоққа кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугун қишлоқ хўжалигида муваффақият калити илм-фан ютуқларини амалиёт билан уйғунлаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда фермер, олим ва мутахассислар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашдадир. Сирдарёда ўтказилган мазкур амалий семинарлар ва дала учрашувлари айнан шу мақсадларга хизмат қилиб, соҳада илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири