Мурожаат эътиборсиз қолмади
Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли мурожаатларини тинглаш ва ҳар бир муаммога амалий ечим топиш бугунги ислоҳотларнинг бош мезонига айланмоқда. Ана шу эзгу тамойиллар асосида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар изчил давом этмоқда.
Бу сафар Оққўрғон туманида ўтказилган “Бир оила – бир ҳомий” акцияси ана шундай эзгу ташаббусларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Маълумки, жорий йил 25 апрель куни партия томонидан ташкил этилган сайёр қабулда Бирлик маҳалласида яшовчи фуқаро Зулфия Фармонова ўзининг ҳаётий муаммолари билан мурожаат қилган эди. Шу бўйича партия вакиллари, мутасадди ташкилотлар ҳамда ташаббускор тадбиркорлар иштирокида атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Жараёнда бу фуқаронинг яшаш хонадони таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, соғлиги билан боғлиқ муаммолари мавжудлиги аниқланди. Мурожаат эътиборсиз қолмади. Партиянинг фаол аъзоси бўлган тадбиркорлар томонидан ушбу оилани ҳомийликка олиб, хонадонни таъмирлаш учун зарур бўлган қурилиш материаллари ва хом ашёларни етказиб берилди. Бу эса оиланинг яшаш шароитини яхшилаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, туман ҳокимлиги ва ЎзЛиДеП туман Кенгаши ҳамкорлигида З.Фармонованинг саломатлигини тиклаши учун Бўстонлиқ туманидаги сиҳатгоҳга бепул даволанишга юборилди. Бу амалий ёрдам фақат бир марталик хайрия эмас, балки инсонни ҳаётда мустаҳкам туришига хизмат қиладиган, эртанги ёруғ кунга ишонч берадиган тизимли қўллаб-қувватлашнинг бир қисми ҳисобланади.
Аслида “Бир оила – бир ҳомий” акциясининг асосий мақсади ҳам айнан шу бизнес вакиллари томонидан энг эҳтиёжманд оилаларни бир йил муддатга ҳомийликка олиш, уларнинг ижтимоий муаммоларини босқичма-босқич ҳал этиш ва муносиб турмуш шароитини яратишдир. Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида эҳтиёжманд оилалар озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминланади, фарзандларининг таълим олиши учун зарур воситалар етказиб берилади, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашади. Энг муҳими, бундай ёндашув оилаларни вақтинчалик эмас, балки барқарор даромад манбаига эга бўлиш орқали камбағалликдан чиқаришга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, инсон манфаати, аҳоли дардига бефарқ бўлмаслик ва эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг устувор мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда. “Бир оила – бир ҳомий” акцияси эса эзгулик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида кўплаб оилаларга янги умид, муносиб ҳаёт ва фаровон келажак сари ишонч бағишлаётган амалий ташаббус сифатида ўз самарасини бермоқда.
А.Мусаев, ЎзА