Божхона ходимларига янги уйлар топширилди
Бобур шаҳрида божхона тизими ходимлари учун барпо этилган 60 хонадондан иборат беш қаватли замонавий янги уй фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов, Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров, божхона тизими ходимлари, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида янги уй топширилишига бағишланган тантанали тадбирда мамлакатимизда давлат хизматчиларини, хусусан, божхона органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, Бобур шаҳрида божхона ходимлари учун барпо этилган янги уй ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.


Замонавий лойиҳа асосида қурилган беш қаватли, 60 хонадондан иборат мазкур уй барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган. Янги уйнинг шинам, кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратилган.
Тадбирда мутасаддилар, нуронийлар томонидан янги уйнинг рамзий лентаси кесилиб, янги хонадон калитлари эгаларига тантанали равишда топширилди.


– Оиламиз учун барча қулайликларга эга уч хонали янги хонадон берилганлигидан беҳад хурсандман, – дейди божхона хизмати капитани Шаҳобиддин Хушвақов. – Уч нафар фарзандим бор. Янги уйга кўчиб ўтганимиздан, айниқса, турмуш ўртоғим, фарзандларим, барча яқинларимнинг қувончи чексиз. Биз ходимларга, оилаларимизга кўрсатилган мана шундай эътибор учун юртбошимизга, ҳукуматимизга, божхона қўмитаси раҳбариятига чексиз миннатдорлик билдираман.

Шунингдек, тадбирда янги уй бунёдкорлари – қурилиш ташкилоти ишчи ва мутахассисларига совға-саломлар топширилди.
Бундай эзгу ташаббуслар божхона ходимларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, касбий фаолиятига бўлган ишончини янада ошириш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш иштиёқини юксалтиришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири