Божхона: ноқонуний уринишлар фош этилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан чегара божхона постларида маданий мерос ва қадимий буюмларни ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, “Нукус-аэропорт” чегара божхона постида “Нукус –Олма-ота” йўналишидаги авиақатнов орқали Қозоғистон Республикасига учиб кетаётган фуқаронинг қўл юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Текширув жараёнида йўловчи томонидан божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган 3 дона қадимий заргарлик буюми: 1 дона кулонли занжир тақинчоқ ва 2 дона билагузукни ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз олиб чиқишга уринганлиги аниқланди.
Шунингдек, “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постида “Тошкент – Волгоград” йўналишидаги йўловчи поезди назоратдан ўтказилганда, вагон йўловчиларидан бирининг ёнида 1918– 1995 йилларга оид бўлган 25 турдаги жами 35 дона маданий буюм борлиги маълум бўлди. Мазкур буюмларни Россия Федерациясига ноқонуний олиб чиқишга уриниш божхона ходимлари томонидан ўз вақтида тўхтатиб қолинди.
Эслатиб ўтамиз, тарихий ва маданий аҳамиятга эга буюмларни хорижга олиб чиқиш қонунчилик асосида тегишли рухсатнома ҳамда ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Акс ҳолда, бундай ҳолатлар қонуний чоралар кўрилишига сабаб бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.