Бўстонлиқда велоспортчилар учун янги спорт базаси ишга тушади
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида велоспортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил этишга мўлжалланган янги спорт базаси фаолияти йўлга қўйилади.
Янги спорт мажмуасида велоспортчилар учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд моддий-техник база, машғулотларни ташкил этиш имкониятлари ҳамда ҳудудда барпо этилган янги иншоотлар кўздан кечирилди. Унда вилоят мураббийлари ҳам иштирок этди.
Ўрганиш жараёнида спортчиларнинг жисмоний тайёргарлигини янада ошириш, ўқув-машғулот йиғинларини юқори савияда ташкил этиш ва муҳим халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш учун зарур имкониятларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудуди, табиий ва иқлим шароитлари велоспортчиларнинг умумий ва махсус жисмоний тайёргарлигини такомиллаштириш, чидамлилик ҳамда функционал имкониятларини оширишга қаратилган машғулотларни ўтказиш учун қулай шароит яратади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳамда спорт базаси маъмурияти ўртасида эришилган келишувга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари мазкур мажмуада ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинларида бепул иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Бу эса терма жамоа вакилларининг машғулот жараёнини тизимли ташкил этиш, мавжуд спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ҳамда йирик халқаро мусобақаларга сифатли тайёргарлик кўриш имкониятларини янада кенгайтиради.
Келгусида мазкур базада миллий терма жамоа аъзолари, шунингдек, иқтидорли ёш велоспортчилар иштирокида ўқув-машғулот йиғинларини мунтазам ўтказиш режалаштирилган.
Янги спорт мажмуасининг фаолият бошлаши Ўзбекистонда велоспорт инфратузилмасини ривожлантириш, спортчилар учун замонавий тайёргарлик шароитларини яратиш ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА