Дзюдочиларимиз Қозоғистонда ўтаётган халқаро машғулотда қатнашмоқда
Шу кунларда дзюдо бўйича Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси аъзолари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.
Ўттиздан ортиқ давлатнинг етти юз нафарга яқин дзюдочилари қаторида ўзбекистонлик дзюдочилар учун ушбу халқаро машғулот Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.
Куни кеча Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов миллий терма жамоамиз аъзолари билан онлайн платформа орқали учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари, спортчилар, мутахассислар йиғин дастури, машғулот жараёнлари, ҳар бир спортчининг руҳий ва жисмоний ҳолати бўйича ҳисоботлар тингланди.
Таъкидланганидек, йиғиннинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатига мукаммал ҳолатда етиб бориш асосий вазифа ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 11 нафар Олимпия ўйинлари совриндорлари, 20 нафар жаҳон чемпионлари, 50 нафардан зиёд дунё биринчиликлари совриндорлари иштирокида ўтказилаётган халқаро йиғин 15 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА