Босқич ғолиблари аниқланди
Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда эришган ютуқларини эътироф этиш, ташаббускор ва иқтидорли аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил аёли — 2026” кўрик-танловининг Мирзаобод туман босқичи бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 2018 йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур танловнинг туман босқичи ҳокимлик биносида кўтаринки руҳда, юқори савияда ташкил этилди.

Тадбирда туман ҳокими Бегмурод Акбаров иштирок этиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, касбий салоҳияти ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Шунингдек, танловда иштирок этаётган барча номзодларга муваффақият тилади.

Беллашув иштирокчилари «Йилнинг энг ватанпарвар аёли», «Йилнинг энг яхши IT дастурчиси», «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли», «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли», «Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий тарғиботчиси», «Йилнинг энг жонкуяр устози» ҳамда «Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси» каби номинациялар бўйича ўз билим ва тажрибаси, касбий маҳорати, ижодий қобилияти ҳамда жамоатчилик ишларидаги фаоллигини намоён этди.

Ҳар бир иштирокчининг фаолияти, эришган натижалари ва жамият ҳаётига қўшаётган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди. Номзодлар ўз чиқишлари орқали нафақат шахсий ютуқлари, балки хотин-қизларнинг турли йўналишлардаги имкониятлари ва салоҳиятини ҳам намоён этишди.


Танлов якунида номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ҳамда вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири