Бош вазир ўринбосари хотин-қизлар билан манзилли ишлаш тизимини ўрганди
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Навоий вилоятида бўлиб, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш тизими, хотин-қизлар балансини шакллантириш ишлари самарадорлиги, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати, бандлиги, эҳтиёжлари ва мавжуд муаммоларини ўрганди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 499 минг 739 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг 277 минг 601 нафари, яъни 55,6 фоизи репродуктив ёшдаги аёллардир.
Ўрганишлар жараёнида Навоий шаҳрининг Ишонч, Кармана туманининг Азамат ва Хатирчи туманининг Хўжақўрғон маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Жойларда маҳалла “еттилиги” фаолияти, хотин-қизларни хатловдан ўтказиш, уларнинг ижтимоий ҳолатини баҳолаш, эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда ҳар бир аёл билан индивидуал ишлаш жараёнлари таҳлил қилинди. Хотин-қизлар балансини шакллантиришда маълумотларнинг ҳаққонийлиги, бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва манзилли ижтимоий хизматларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувларда Навоий шаҳри ва Хатирчи тумани хотин-қизлар балансини шакллантириш бўйича намунавий ҳудуд сифатида танлангани қайд этилди. Мазкур тизим ҳар бир хотин-қизнинг ижтимоий ҳолатини чуқур ўрганиш, ҳуқуқий, психологик, ижтимоий ва иқтисодий кўмакни манзилли йўналтириш, муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда уларга самарали ечим топиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ўрганишлар давомида намунавий ҳудудларда йўлга қўйилган амалиёт, маҳалла “еттилиги” фаолияти ва масъул ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳам таҳлил қилинди.
Ташриф давомида “Аёллар дафтари” ва “Ижтимоий реестр”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди.

Хатирчи туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони Гулсанам Ҳусановага даромад манбаини яратиш мақсадида 30 миллион сўмлик ссуда ажратилган эди. У ушбу маблаққа майда шохли мол харид қилиб, хонадонида чорвачиликни йўлга қўйган.
Вазир ўринбосари Г.Ҳусанова хонадонида бўлиб, у билан суҳбатда бўлди. Таклиф ва муаммолари билан қизиқди.
Кармана туманида эса тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг фаолияти, улар учун яратилган имкониятлар ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича амалий тажрибалар кўздан кечирилди.

Хизмат сафари доирасида оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ёш оилалар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, “Оила маскани” фаолияти, хотин-қизлар ва оилаларга кўрсатилаётган ҳуқуқий, психологик ҳамда ижтимоий хизматлар самарадорлиги таҳлил қилинди.

Бош вазир ўринбосари Навоий шаҳар туғруқ мажмуасида ҳам бўлиб, муассасада оналар ва чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, яратилган шарт-шароитлар ҳамда тиббий жараёнларни ташкил этиш ҳолати билан танишди. Учрашувлар давомида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Навоий вилояти Хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий бўлимида эса вақтинча бошпана топган хотин-қизлар билан мулоқот ўтказилди. Улар дуч келган ҳаётий қийинчиликлар, бугунги эҳтиёжлари ва келгуси режалари тингланди. Айни пайтда мазкур муассасада 9 нафар хотин-қиз учун хавфсиз муҳит яратилган бўлиб, уларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўрганишлар якунида хотин-қизлар билан ишлаш тизимида манзиллилик ва натижадорликни янада ошириш, хотин-қизлар балансини сифатли шакллантириш, ҳар бир мурожаат ва муаммога индивидуал ёндашиш ҳамда ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири