Коррупцияга қарши янги қонун масъулият ва назоратни кучайтиради
Коррупция — жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган, қонун устуворлиги ва фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатадиган иллатлардан бири. Шу боис мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар талабларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини бошқармасида навбатдаги тарғибот-семинар тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳияти, унда белгиланган янги талаб ва вазифалар тизим ходимларига атрофлича тушунтирилди.
Семинар давомида янги қонун билан коррупцияга қарши курашиш тизимига киритилган муҳим ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестрини юритиш, комплаенс ва ички назорат тизимларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат органларида коррупцияга қарши курашишнинг ягона тизимини шакллантиришга қаратилган янги нормалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки масъул тузилмаларнинг вазифаси эмаслиги, балки ҳар бир раҳбар ва ходимнинг ўз хизмат вазифасига ҳалол ва виждонан ёндашиши билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди. Шунингдек, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланмаслик, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Ходимларга коррупциявий ҳуқуқбузарликларга шарт-шароит яратиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлмаслик ва қонун талабларига қатъий риоя қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини бошқармаси тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ва тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳокама қилинди.

Семинарда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлиш, хизмат вазифаларини бажаришда ҳалоллик ва холислик тамойилларига амал қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятида устувор вазифа бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Мазкур йўналишдаги семинар ва тарғибот тадбирлари тасдиқланган график асосида пойтахтимизнинг барча туманларида давом эттирилиши белгиланган. Бу эса тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини ошириш ҳамда коррупцияга қарши самарали профилактик муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА