Давлат тилида иш юритиш масалалари муҳокама этилди
Андижонда “Ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритишнинг ўзига хос жиҳатлари: хат ва ҳужжатларни шакллантиришда имловий, услубий талаблар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда бошқарма тизимидаги ташкилотлар, Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати мутасаддилари, Андижон давлат университети ўқитувчилари иштирок этди.
Семинарда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директорининг давлат тили ва маънавият масалалари бўйича маслаҳатчиси Бунёд Насимов, Андижон давлат университети Ўзбек тилшунослиги кафедраси катта ўқитувчиси Шуҳратбек Каҳҳоров ва бошқалар томонидан давлат тилида иш юритишнинг ҳуқуқий асослари, нутқ услублари, расмий-идоравий ёзишмаларда тил меъёрларига риоя этиш, имло ва грамматик қоидаларни тўғри қўллаш бўйича кенг маълумотлар берилди.

Семинар давомида ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, ёзма нутқда адабий ҳамда расмий иш услубидан фойдаланиш тартиби, расмий ҳужжатларда фикрнинг аниқ, лўнда ва бир маъноли ифодаланиши масалалари муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан расмий ҳужжатларни тўғри шакллантириш, имло ва услуб меъёрларига риоя этиш, ҳужжат шаклига қўйиладиган талаблар ҳамда идоравий ҳужжатларни юритиш тартиблари, шунингдек, амалиётда учрайдиган хатолар ва уларнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.


Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Мазкур семинар ходимларининг расмий ҳужжатлар билан ишлаш борасидаги билим ва малакасини ошириш, давлат тилида иш юритиш сифатини такомиллаштиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири