Болаларга қувонч улашилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховат каби эзгу фазилатларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар изчил давом этмоқда. Бу каби эзгу ташаббуслар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашда намоён бўлмоқда. Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Миришкор туманларида ҳам янги ўқув йили арафасида эҳтиёжманд оилалар фарзандларига мактаб формалари топширилди.
Кўкдала туманидаги хайрия тадбири туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мактаб ёшидаги фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари топширилди.

Мактабга тайёргарлик ҳар бир оила учун масъулиятли жараён. Бу даврда кўрсатилаётган амалий кўмак эса ота-оналарнинг ташвишини енгиллаштириш баробарида, болаларга янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлаш имконини беради.
Шундай эзгу тадбир Миришкор туманида ҳам ўтказилди. Туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кам таъминланган ва кўмакка эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига мактаб формалари топширилди.

Болаларнинг қувончи, уларнинг тенгдошлари қаторида таълим олиши учун зарур шароит яратилиши бундай тадбирларнинг энг муҳим натижасидир. Зеро, болага кўрсатилган эътибор унинг нафақат бугунги кайфияти, балки эртанги кунга бўлган ишончига ҳам таъсир қилади.
Бугун ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, билим ва кўникмаларини ошириши, ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар жамият тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Шу маънода, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар бир амалий ташаббус алоҳида аҳамият касб этади.

Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган бу каби хайрли тадбирлар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховатпешалик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодасидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири