Болалар саратонига қарши курашиш бўйича Миллий режа тасдиқланди
2035 йилгача мўлжалланган ушбу ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши курашиш глобал ташаббуси билан уйғунлаштирилди.
Дунё бўйича ҳар йили 400 минг нафар бола ва ўсмирга онкологик ва гематологик касалликлар ташхиси қўйилади. Юқори даромадли мамлакатларда уларнинг беш йиллик яшовчанлик даражаси 80 фоиздан зиёд. Бироқ паст ва ўрта даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич, афсуски, 20-30 фоизга тенг.
Албатта, ушбу глобал муаммони ҳал этиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадни кўзлаб қабул қилинган.
Қарор ижроси доирасида Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 2035 йилгача мўлжалланган Миллий режа ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши кураш глобал ташаббуси билан уйғунлаштирилди.
Миллий режага кўра, Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган ҳар бир болани, географик жойлашуви ва иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, ўз вақтида ташхислаш ва унинг самарали даволаниш имкониятини таъминлаш мақсад қилинган.
Шунингдек, болалар саратонини эрта босқичларда аниқлаш ҳолатлари улушини 65 фоизгача ошириш, бундай бемор ўғил-қизларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш белгиланган.
Жумладан, ана шу ислоҳотлар натижасида болаларда онкологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш тизими такомиллаштирилади. Ҳудудларда ҳам диагностика хизматлари қамрови оширилиб, замонавий лаборатория ҳамда инструментал текширувлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. Даволашнинг барча илғор усуллари, жумладан, таргет ва иммунотерапиядан фойдаланиш имкониятлари оширилади. Соҳа учун малакали тиббий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини ошириш чоралари кўрилади. Болалар кансер-регистри, электрон тиббий карта ва телетиббиёт каби рақамли технологиялар жорий этилади. Паллиатив ёрдам, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда реабилитация хизматлари ривожлантирилади.
Миллий режа эрта ташхисдан тортиб, боланинг тўлиқ реабилитацияси ва одатий соғлом ҳаётга қайтишигача бўлган бутун тизимни қамраб олади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА