Болалар миллий тиббиёт маркази: беш йил давомида 20 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил топганининг 5 йиллиги муносабати билан “Болалар тиббиётидаги инновацион технологиялар” форуми ўтказилди.
Ўзбекистонда болалар тиббиётини янада ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик тиббий хизматларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Россия ва бошқа давлатлардан келган етакчи шифокорлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил топганидан буён муассасада 20 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилгани қайд этилди. Шундан 15 мингтаси юқори технологик ҳисобланади. 100 дан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётлари илк бор Ўзбекистонда жорий этилди. 2024 йилда марказ JCI (Joint Commission International) халқаро аккредитациясини олди – Осиё минтақасидаги ягона ихтисослаштирилган болалар маркази сифатида эътироф этилди. 320 минг амбулатор ва 39 минг стационар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.
– 2024 йилнинг ўзидаёқ 6 минг 200 га яқин 100 дан ортиқ хирургик амалиётлар юртимизда илк бор бажарилди. Шулардан бири, онкологик касалликка чалинган беморларда суяк кўмиги трансплантациясининг болаларда илк маротаба ўтказилганидир. Шунингдек, биринчи марта болаларда жигар трансплантацияси амалга оширилди, – деди Марказ директори Бахтиёржон Умаров.
Марказда 800 дан ортиқ тиббиёт ходимлари фаолият юритиб келмоқда, улар орасида 232 шифокор, 31 илмий ходим, 65 ординатор ва 7 нафар фан доктори бор. Соҳа ходимларининг аксарияти ривожланган давлатларда ўқиб, малакасини ошириб келган.

– Марказимизда даволашдан ташқари ташхислаш борасида ҳам катта ишлар қилиняпти, – деди Марказнинг кардиология бўлими бошлиғи Алишер Юсупов. – Ҳозирги кунда биз туғма юрак нуқсонини она қорнидаёқ, ҳомила пайтидаёқ аниқлаш имконига эгамиз. Бу бизга бола туғилмасданоқ тайёргарлик кўриш имконини беради. Бир йил давомида Корея Республикасида ўқиб келдим. Туркия, Россия, Америка қўшма штатларида малака ошириб, олган билим ва тажрибаларимизни фаолиятимизда қўламоқдамиз.
Форумда Марказда жорий этилган инновацион технологиялар хусусида батафсил сўз юритилди. Болалар тиббиётидаги замонавий ютуқлар ва инновациялар тақдим этилди. Жаҳон тажрибаси асосида фикр алмашилди. Янги лойиҳа ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, форум доирасида тиббий ускуналар ва технологиялар кўргазмаси ташкил этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА