Сурхондарёда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди
Сурхондарё вилоятида фавқулодда вазиятлар юзага келганда тегишли хизматларнинг тезкор ҳаракатланиши ва ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштиришга қаратилган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтди.
Машғулотларнинг иккинчи кунида дастлабки натижалар сарҳисоб қилиниб, мавжуд куч ва воситаларнинг шайлик даражаси ҳамда навбатдаги вазифалар муҳокама этилди.
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Нуриддин Қодиров раислигида ўтказилган йиғилишда масъул идораларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги, юзага келиши мумкин бўлган ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш ва уларнинг оқибатларини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, аҳоли хонадонларида ис газидан заҳарланиш ва ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни камайтириш юзасидан профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бу борада мутасадди ташкилотларга аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини тизимли йўлга қўйиш, иситиш воситаларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини кенг тарғиб этиш ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Шунингдек, ўқув машқларига жалб этилган куч ва воситаларнинг саф кўриги ўтказилди. Унда махсус хизматларнинг белгиланган вазифаларни бажаришга тайёрлиги, техника ва жиҳозларнинг шайлик ҳолати кўздан кечирилди.
[gallery-32263]
қўмондонлик-штаб ўқув машқлари фавқулодда вазиятларда масъул хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш, тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА