Хоразм вилоятида “Касблар фестивали” ўтказилди
Урганч шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида “Касблар фестивали – 2026” бўлиб ўтди.
Кенг кўламда ташкил этилган фестиваль доирасида вилоятдаги барча техникумлар ўзларининг мавжуд таълим йўналишлари, амалий ишланмалари ва инновацион лойиҳалари билан иштирок этди.
Кўргазмали павильонларда ошпазлик, сартарошлик, туризм ва меҳмонхона хўжалиги, энергетика, тиббиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳалар бўйича амалий намойишлар ташкил қилиниб, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари учун касбга йўналтирувчи тарғибот ишлари олиб борилди.
[gallery-29360]
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 5 май санаси “Касб ва меҳнат куни” сифатида кенг нишонланиши белгиланган, – дейди Касбий таълим агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Саидов. – Ушбу муҳим ташаббус доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида касблар жозибадорлигини ошириш, касбий таълимни оммалаштириш ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам илк бор “Касб ва меҳнат куни” муносабати билан ўтказилган мазкур фестиваль аҳолининг, айниқса, ёшларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, уларни замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш ҳамда касбий таълимнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Фестивалда доирасида ёшлар учун касб эгаларининг маҳорат дарслари, интерактив тақдимотлари, амалий чиқишлар ва ижодий кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, тадбирда иш берувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ёшларга меҳнат бозоридаги эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан “Касблар фестивали – 2026” нафақат касбий таълимни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, балки жамиятда меҳнатга бўлган ҳурматни юксалтириш, ёшларнинг келажак касбини онгли равишда танлашига кўмаклашувчи муҳим маърифий ва ижтимоий ташаббус сифатида эътироф этилди.
Мазкур фестиваль келгусида ҳам касбий таълим муассасалари, иш берувчилар ва ёшлар ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбири