Боғ ва узумзорларни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар (+видео)
Охирги вақтларда иқлим шароитлари ўзгариб, совуқ ҳаво оқимларининг мевали боғлар ва узумзорлар ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни юзага келтирмоқда. Шунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари боғбонлар ва фермерларга совуқ таъсирини камайтириш ҳамда экинларни ҳимоя қилиш бўйича бир қатор агротехник чораларни ўз вақтида амалга оширишни тавсия этмоқда.
Совуққа қарши самарали чоралар
Энг аввало, мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларида суғориш ариқлари олиниб, имкон қадар кам миқдорда сув оқизилиши керак. Шунингдек, боғлар орасига маҳаллий ўғит аралаш похол, шох-шабба ёки ўт-у чўп тўпланиб, уларни тутатиш орқали ҳаво ҳарорати пасайганда тутун билан боғ ичидаги микроиқлимни юмшатиш мумкин.
Мутахассислар тавсиясига кўра, ҳар бир гектар майдонга дарахтлар зичлигидан келиб чиқиб 100–200 та тутун уйми тайёрланади. Улар шамол йўналишига қараб жойлаштирилади ва ҳаво ҳарорати +1° га тушиши билан тутатиш жараёни бошланади. Бунда алангаланиш эмас, балки секин тутаб ёниш муҳимдир.
Ўғитлаш — совуққа чидамлиликнинг калити
Мавсумий совуқларга бардошлиликни оширишда мевали дарахтларни ўғитлаш муҳим омил ҳисобланади. Ҳосилли боғлар учун ҳар 2–3 йилда бир марта маҳаллий гўнг (гектарига 20–40 тонна), ҳар йили эса минерал ўғитлар (азот — 120 кг, фосфор — 90 кг, калий — 70 кг соф ҳолда) солиш тавсия этилади.
Тупроқнинг таркибига қараб, ўғит миқдори 30–50 фоизгача оширилади. Айниқса, фосфор ва калийни кузги шудгордан олдин бериш, азотни эса баҳорда, дарахт гуллашидан 2–3 ҳафта олдин солиш энг яхши натижа беради.
Касалликларнинг олдини олиш чораси
Эрта баҳорда, куртаклар ёзилишидан аввал мевали дарахтларга 3 фоизли "бордо" суюқлиги пуркалади. Бу тадбир парша, ун-шудринг, монилиоз, клястероспориоз каби касалликларнинг олдини олади. Дала шароитига қараб, бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси ёки мис асосидаги бошқа препаратлар билан қайта ишлов бериш тавсия этилади.
Узумзорларда эса токлар очилиб, симбағазларга кўтарилгач, қатор оралар ҳайдалиб, туп атрофида 25–30 см чуқурликда юмшатиш ишлари олиб борилади. Сўнг ўсимликлар ўғит билан озиқлантирилиб, оидиум, милдю ва бошқа касалликларга қарши фунгицидлар билан ҳимоя қилинади.
Қўшимча ҳимоя чораси — стрессга қарши стимуляторлар
Ҳаво ҳарорати кескин тушиши кутилаётган даврларда ўсимликларга гумин, фулйвик ва аминокислоталар асосидаги махсус стимуляторлар ( VL 77, ENTO GUMIN, IFO AMINOMAX, IFO GUMATE PLYUS, IFO LEO ) билан ишлов бериш ўсимликларнинг совуқ стрессидан тез чиқиб кетишига ёрдам беради.
Боғбонлар учун энг муҳими — совуқларни кутиб ўтирмасдан, олдиндан тайёрлик кўришдир. Ҳар бир профилактик тадбир дарахтларни совуқдан сақлаб қолиш билан бирга, келгуси ҳосилнинг барқарорлиги ва сифатини ҳам таъминлайди.
Мутахассислар, шунингдек, кутилаётган совуқ об-ҳавонинг экинларга салбий таъсири ва бу борада деҳқонларни ўйлантираётган саволларга ҳам атрофлича изоҳ беришди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lFkDjfosTFY" title="Bog‘ va uzumzorlarni himoya qilish bo‘yicha tavsiyalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА