“Бизнес маликалари” баҳслашди
Навоий вилояти Учқудуқ тумани марказидаги “Қизилқум” маданият уйида “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг туман ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан 20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳияти ва ташаббускорлигини намоён этиш мақсадида “Бизнес маликаси” кўрик-танлови ташкил этилди.
Тадбир аввалида “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Навоий вилоят бўлими раҳбари Гулчеҳра Бердиева, Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нафиса Нажмиддинова сўзга чиқиб, тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, яратиб берилаётган имконият ва шароитлар, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Танловда туманда фаолият юритаётган 4 нафар тадбиркор аёл 4 та шарт асосида ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.
Дастлаб ўзларини таништирган иштирокчилар кейинги шартда тадбиркорлик фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар орқали ўз тажрибаси ва ютуқларини намойиш этдилар. Савол-жавоб шартида уларнинг билим ва дунёқараши синовдан ўтказилган бўлса, “Иқтидорим – кучим” деб номланган эркин мавзу иштирокчиларга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш имконини берди.

Якуний натижаларга кўра, Навбаҳор Боймуродова 1-, Анора Абдураҳмонова 2-, Ойсулув Мадатова 3-ўринни эгаллади. Муҳайё Фатуллаева эса фаол иштироки учун алоҳида эътироф этилди.
“Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири