Устозлар миллий форуми: натижалар таҳлил қилинди, муҳим вазифалар белгиланди
Бобур шаҳрида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида бешинчи Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.
Янги ўқув йили, қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами олдидан ўтказилган форумда Андижон вилоятидаги таълим муассасаларининг тажрибали ўқитувчи ва мураббийлари, соҳа фахрийлари, ёш педагоглар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, иштирокчилар, улар орқали вилоятдаги барча таълим тизими вакилларини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили билан муборакбод этди.


Устозлар миллий форумида ўтган ўқув йилида вилоят таълим тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, ўқувчи-ёшларнинг ютуқлари, соҳадаги ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди. Шу билан бирга, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва мактабларда ўқитиш методикасини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Юртимиз келажаги кўп жиҳатдан таълимга, унинг даражаси, қолаверса, бугун биз ўқитаётган ёшларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Шу боис ҳам, мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад, билимли, салоҳиятли, юрт учун манфаат келтирадиган, унинг равнақига хизмат қиладиган ёш авлодни тарбиялашдир.
Айни кунда вилоятдаги таълим муассасаларида педагогларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун зарур барча шароитлар яратилган.


Форумда янги ўқув йилида ютуқлар салмоғи, таълимнинг сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, янги ўқув йилида таълим даражаси паст бўлган мактаблар сонини камайтириш, тил билиш ҳамда миллий сертификатга эга бўлган педагог ва ўқувчилар сонини ошириш, ўқувчиларни касб-ҳунарга, хорижий тилларни ўрганишга йўналтириш, педагогларнинг билим ва малакасини юксалтириш, илғор педагоглар тажрибасини оммалаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди.

Форум доирасида ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи педагоглар ва тизим ходимлари вилоят ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан рағбатлантирилди.
Шунингдек, форумда Президент топшириғига асосан, парта, стол-стуллар, оддий ва интерактив доскалар, физика, кимё синфлари лаборатория хоналари учун ва бошқа зарур жиҳозлардан иборат “Совғалар карвони”, яъни умумий қиймати 15 миллиард сўмлик ўқув жиҳозлари вилоятдаги таълим муассасаларига топширилди.




Форум якунида таниқли санъаткорлар, вилоят маданият бошқармасининг ижодий жамоалари томонидан байрам концерти намойиш этилди. Мусиқий чиқишлар, ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчиларга юқори кўтаринкилик, байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари