Биз фақат интилиб яшашимиз керак
Биз кеча кутувчилар эдик, бугун орзуларимиз соҳибимиз. Касб тақозоси билан одамлар орасида кўп юраман. Турли касб ва турли тақдир эгалари билан суҳбатлашаман. Оддий суҳбатлар асносида уларнинг қалбидаги орзу-ниятлари, ҳаётидаги ўзгаришлар, эртанги кунга қарашлари ҳақида гаплашамиз.
Шундай суҳбатлардан кейин бир ҳақиқатга тобора кўпроқ ишонч ҳосил қиламан: халқимиз бугунги ўзгаришларни нафақат кўриб, балки уларни ўз ҳаётида ҳис қилиб яшаяпти.
Инсон юзидаги қувончни яшириш қийин. Ҳар куни юртдошларим нигоҳида шукроналик, қалбида ишонч, гап-сўзида эртанги кунга интилишни кўраман. Мен учун бу — юртимиздаги янгиланишларнинг энг катта кўрсаткичи.
Ҳатто кўчалардаги дарахтлар, яшнаётган гуллар ҳам кеча ва бугунимизнинг қиёфасини эслатгандек бўлади. Кеча билан бугунни қиёсласангиз, фарқни кўриш учун узоқ йилларни эслаш ҳам шарт эмас. Ўн йил аввалги ҳаётимизни бир эслаб кўришнинг ўзи кифоя.
Айниқса, фарзандларимиз таълимидаги ўзгаришлар ҳақида ўйласам, кечаги кун билан бугун ўртасидаги масофа янада яққол намоён бўлади.
Бир пайтлар мактабда ўқиш жараёни пахта йиғим-терими мавсумига уланиб кетарди. Белига этак тутишга қодир ўқувчидан тортиб, ўқитувчигача далага сафарбар қилинар, мактаб директори эса таълим сифати эмас, пахта терими режаси ҳақида ҳисобот берарди. Кунлик режа бажарилмаса, гап эшитилар, ҳатто ишдан бўшашгача бориб етиларди. Бугун эса мактабнинг вазифаси — болага билим бериш, унинг қобилиятини кашф этиш, орзусини рўёбга чиқаришга йўл очиш.
Туманимизда бу йил 6 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда «Келажак маркази» капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бу рақамларнинг ортида минглаб болаларнинг қулай шароитда таълим олиши, ўқитувчининг эса ўз касбига янада иштиёқ билан ёндашиши турибди.
Яқинда таҳририят ёнидаги мактаб кўчасида турган автомобилларга кўзим тушди. Қатор тизилган машиналарнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилган. Уларнинг эгалари орасида ўқитувчилар ҳам бор.
Бундан ўн йил аввал «Ўқитувчи яхши даромад топиб, ўз машинасида мактабга қатнайди», десак, ким ишонарди? Бугун эса билим ва меҳнат қадрланаётгани, инсоннинг ўз касби орқали фаровон ҳаёт қуриши мумкинлиги оддий воқеликка айланмоқда.
Менинг бир орзум бор эди — фарзандларим мен кўрмаган, мен орзу қилган мактабда ўқиса, дердим. Фарзандим ҳам ўз боласи учун янада яхши шароитларни истади. Бугун эса ўша орзуларга невараларимиз эришаётганини кўриб турибмиз. Шу маънода, тараққиёт — фақат янги бинолар ёки замонавий жиҳозлар эмас. Тараққиёт — бир авлоднинг орзуси кейинги авлод учун оддий имкониятга айланишидир.
Оила фаровонлиги эса инсон бахтининг энг муҳим мезонларидан бири. Туманимизда бу йил 5 та кўп қаватли уй қурилиши бошланиб, айни кунларда қурилиш ва пардозлаш ишлари жадал давом этмоқда. Уларнинг аксарияти ёш оилалар учун янги хонадонлар бўлади. Субсидия ва имтиёзли кредитлар эса кечаги «қачон уйли бўлар эканмиз?» деган саволни бугун «янги уйимизда қачон кўчиб кирамиз?» деган қувончли интилишга айлантирмоқда.
Ота-оналарнинг қувончи шундан. Фарзандини уй-жойли қилиш ташвиши енгиллашди. Қалбида шукр, тилида дуо.
Менимча, бугунги ҳаётимизнинг энг катта бойлиги — имкониятлар кўпайгани. Илгари инсон кўп нарсани орзу қилар, аммо унга етиш йўлини тополмасди. Бугун эса ният қилган инсон учун йўллар очиқ. Имтиёзлар, субсидиялар, таълим олиш, касб эгаллаш, тадбиркорлик қилиш, уй-жойли бўлиш учун имкониятлар бор. Аммо имкониятнинг ўзи етарли эмас. Кутиш эмас, ҳаракат қилиш керак. Орзу қилиш эмас, унга интилиш керак. Имкониятдан фойдаланиш учун билим, меҳнат ва иштиёқ зарур.
Шунинг учун бугунги авлоднинг масъулияти ҳам катта. Биз кеча кўпроқ кутувчилар эдик. Бугун эса эришиш имконига эга бўлган авлодмиз. Кеча орзу қилганларимизни бугун амалга ошира оламиз. Кечаги орзу бугунги имкониятга, бугунги имконият эса эртанги натижага айланмоқда. Ҳар бир кунимиз интилиш ва янгилик билан гўзал. Ҳар бир яхши ўзгариш эса инсонни янада катта мақсадлар сари чорлайди.
Янги Ўзбекистонни бахтиёрлар юрти деб аташга маънавий ҳаққимиз бор деб ўйлайман. Чунки ҳар куни ишга, ўқишга, эзгу ниятлар билан кўчага чиққан инсонларни кўраман. Кечқурун эса ўз уйи, оиласи бағрига шошаётган юртдошларимиз билан қайтаман. Бу оддий манзарадек кўринса-да, аслида тинч ва фаровон ҳаётнинг энг самимий тасвиридир. Энг муҳими, бугун ҳар бир инсон ўз ҳаётининг эртанги кунини ўзи қуриш имконига эга.
Шундай экан, ўзгаришларни кутиб ўтирмайлик. Уларнинг фаол иштирокчиси бўлайлик. Фарзандларимизга қолдирадиган энг катта меросимиз — тайёр бойлик эмас, балки билим, меҳнатсеварлик, Ватанга муҳаббат ва имкониятлардан унумли фойдаланишни ўргатиш бўлсин.
Сирдарёликлар қалбидаги шижоатни эса улуғ шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг бу мисралари ифода этгандек:
Халқим елкасига бошим қўймоғим учун,
Халқим кўлкасига бошим эгмоғим учун,
Унга қарши нима келса дадил турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса — барчасига тайёрман.
Бугун бизда шукр қилишга асос бор. Аммо шукрнинг энг гўзал кўриниши — яхши имкониятдан фойдаланиб, янада яхши натижа яратишдир.
Биз кеча кутувчилар эдик. Бугун эса орзуларимизнинг чин маънодаги соҳибларимиз. Энди гап — шу орзуларни янада юксалтиришда.
Баҳринисо НОРЖИГИТОВА,
“Эл юрт ҳурмати” ордени соҳибаси