Арманистон делегацияси Ўзбекистоннинг рақамли ҳуқуқий ечимларини ўрганди
Бугунги кунда рақамли технологияларни ҳуқуқий соҳада кенг қўллаш, ҳуқуқий ахборотдан тезкор ва қулай фойдаланиш имкониятларини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис замонавий "LegalTech" ечимларини жорий этиш ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Арманистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Официальные ведомости” ЁАЖ делегациясининг “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига амалий ташрифи доирасида ўтказилган қатор учрашув ва тақдимотлар ҳам шу мақсадга қаратилди.

Тадбирлар давомида делегация аъзолари сунъий интеллектга асосланган Lex.ai, “Юрхизмат” платформаси ҳамда Бола ҳуқуқлари портали каби замонавий рақамли ҳуқуқий ечимлар билан танишди. Шунингдек, Арманистон вакиллари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва нашр этиш соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашиб, икки мамлакатда ҳуқуқий ахборот тизимларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Ташрифнинг иккинчи қисмида делегация Адлия вазирлигида Ҳуқуқни қўллаш департаменти раҳбарияти билан учрашди. Мулоқотда ҳуқуқий ахборот тизимларини такомиллаштириш, электрон платформаларни ривожлантириш ва илғор тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф якунида меҳмонлар вазирлик ва музей фаолияти билан танишди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА